Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Тўрақўрғон тумани ихтисослаштирилган мактабининг физика-математика ва кимё йўналишларида таҳсил олаётган битирувчи-ўқувчилар ҳамда уларнинг мураббийлари Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фаолияти билан таништирилди.
Қайд этиш жоизки, икки томонлама тузилган келишувга кўра Тўрақўрғон ИЭС ва Тўрақўрғон тумани ихтисослаштирилган мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ўқувчи ёшлар илк марта ўтган йилнинг кузида станция билан танишган эди.

Навбатдаги тадбир умумхалқ референдуми арафасида ўтказилганлиги билан муҳим аҳамият касб этди. Станциянинг малакали ходимлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот давомида станциянинг қурилиши тарихи, вазифалари, кундалик ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида видеоролик намойиш этилди, шунингдек унинг техник-иқтисодий имкониятлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Ўқувчилар ҳамда мураббийларни қизиқтирган саволларга атрофлича тушунтириш ва жавоблар қайтарилди.
Меҳмонларга энергетика соҳасининг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамияти, иссиқлик электр станцияларининг мамлакатимиз энергетика тизимидаги салмоғи, электр энергияси ишлаб чиқариш технологияси, унга зарур бўлган компонентлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига кўра, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилган, – дейди Тўрақўрғон тумани ихтисослаштирилган мактаби директори Нодирбек Аҳмедов. – Юртбошимиз ташаббуси билан замонавий технологиялар негизида қурилган Тўрақўрғон ИЭС каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарида амалий машғулотлар ўтказилиши шогирдларимизнинг табиий ва аниқ фанларни чуқур ўзлаштириши, ёш авлод вакилларининг инновацион ғоя ва ишланмаларини ривожлантириш учун туртки бўлади.
Келгусида битирувчи синф иқтидорли ўқувчиларининг корхона билан танишишини тизимли равишда ташкил этиш, электр станциясининг малакали мутахассисларини эса мактабда махсус дарслар ва тренингларга жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА