«Гимнастика барча учун» шиори остида спортчи хотин-қизлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун ўтказилган мусобақанинг финал босқичи якунига етди.
Унда Республикамизнинг барча туман, вилоят ҳамда шаҳарларидан келган 36 та жамоа ўзаро куч синашди. Ҳакамлар томонидан ҳар бир жамоанинг чиқишларига 5 дақиқадан вақт берилди. Баҳсларда энг ёши улуғ онахон Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманидан келган Хосият ая Шодиева бўлди.
- Ёшим 73 да, - дейди Хосият Шодиева. - Маҳалламиздаги 16 нафар кекса аёл гимнастика билан шуғулланади. Бизга Сабоҳат Юсупова мураббийлик қилади. Илгари ўт қопимдаги оғриқ безовта қилиб, қон босимим ошиб турарди. Спорт билан шуғулланишни бошлаганимдан сўнг касалликни эсдан чиқардим. Ўзимни тетик ҳис қиляпман. «Гимнастика ҳамма учун», деб номланган тадбирда «Чанқовуз» мусиқасига саҳналаштирилган спорт рақсини намойиш қилдик. Ҳам гимнастика, ҳам миллий рақс уйғунлаштирилган кўринишимиз кўпчиликка маъқул бўлди.
[gallery-9148]
Хоразм вилояти, Урганч шаҳридан Хожарбиби Отажонова бошчилигида ўн нафар аёл келган. Бу жамоадаги бувижонлар Хоразм лазгисини спорт кўриниши орқали намойиш этишди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, рақсдаги ҳаракатларни спорт элементлари билан боғлаб кўрсатишди. Аёллар туманда жойлашган «Ёшлик спорт мажмуаси»га ҳар куни эрталаб бориб, камида 10 минг қадам юришни одат қилишган экан. Бундай спорт мусобақалари улар каби аёлларни ўн ёшга ёшаришларига ҳисса қўшганини таъкидлашди.
Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида яшовчи жажжи қизалоқ Муяссархонни онаси Дилноза Саидова олиб келибди. Унинг жамоасидаги қизлар «Суз хотин, сузма хотин», деб номланган халқ оғзаки ижодига мўлжалланган қўшиқни саҳна кўринишида олиб чиқишди. Қурғоқчилик даврларида табиатдан ёмғир сўраб ўтказилган маросимлардан саналмиш ушбу қўшиқ қизлар томонидан замонавий кўринишда талқин этилди.
Ҳакамлар ҳайъатининг кузатувларига кўра 14 ёшгача бўлган категория бўйича Наманган вилоятининг «Жажжи қалқончалар», Хоразм вилоятининг «Ёшлик», Тошкент шаҳрининг «Ритм», Микс категорияси бўйича Жиззах, Хоразм, Андижон, Тошкент шаҳридан келган жамоалар мусобақа ғолиблари деб топилди. 45+категорияси бўйича Бекободнинг «Бувижонлар», Тошкент шаҳридаги «Эъзозли аёллар» жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Тошкент шаҳридаги «Эвиденс» жамоаси Президент кубогини қўлга киритди. Ғолибларга Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Нигора Раҳмонова, Алимурод Мамадаминов (фото), ЎзА