Инсоннинг ҳаётида унутилмас кунлар саноқли бўлади. Бу йил шахсан мен учун жуда омадли келди. Президентимиз жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида туманимиздаги ёшлар кооперациясида бўлиб, бизлар билан учрашди.
Хўжалигимизга Юртбошимизнинг ташрифи, самимий, очиқ мулоқоти давомида “Ҳар бир ёшнинг ота-онаси қандай қайғурса, мен ҳам шундай қайғураман” деган сўзлари барчамизни руҳлантирди. Президентимиз ёшларга ўқиб-ўрганиб, фаолиятимизни яхшилаш бўйича маслаҳатлар берди. Ҳаётда ўз ўрнини топган инсонда ўзига ишонч, интилиш пайдо бўлади. Ҳар бир соҳада ўқиб-ўрганиш орқали фаолиятни ташкил этиш, изланишдан тўхтамаслик, янги ғоя ва ташаббуслар сари дадил қадам ташлаш йўлида билдирган фикр-мулоҳазалари ишимизда қўл келади.
Биз ёшлар давлатимиз эътибори, ғамхўрлигини ҳис қилиб яшаяпмиз. Кўп ўқиб, кун сайин билимларимизни ошириб бориш учун барча шароитлар яратиб берилган. Олтиариқ тумани миришкорлар юрти сифатида ҳам машҳур. Катта мақсадлар билан Фарғона – Қўқон автомобиль йўли ёқасида “Файзли боғлар сари” узумчилик кооперациясини ташкил этдик. Ўтган йили яратилган токзорга “ҳусайни”, “келин бармоқ”, “ризамат” навли узум кўчатлари экилган. Қатор ораларида йилнинг тўрт мавсумида карам, помидор, бодринг, ерёнғоқ, қалампир етиштирилмоқда. Томчилатиб суғориш тизимини жорий қилдик. 51 нафар ёшлар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари иш билан таъминланиб, рўзғорини бутламоқда.
Авваллари бу ер кам ҳосилли, тош-шағал экин майдонлари бўлган. Кооперация аъзолари саъй-ҳаракати билан ўтган йилда 640 миллион сўмлик сабзавот маҳсулотлари етиштирилди. Экспорт 400 миллион сўмдан ошди. 40 гектар майдонда токзор, 90 гектар майдонда интенсив боғ, 2 минг тонна сиғимли музлаткичли омбор барпо этдик. Яна 20 гектар янги узумзорлар ташкил этилди.
30 июнь – Ёшлар куни умр дафтаримда яна бир қувончли хабар билан муҳрланмоқда. Президентимизнинг «Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим. Бундай рағбат менга янада ғайрат-шижоат, ифтихор бағишламоқда. Юртимиз тараққиёти йўлида астойдил меҳнат қилиб, юксак ишончни оқлашга ваъда бераман.
Сардор Ҳакимов,
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги
“Олтиариқ баракали” фермер хўжалиги бошлиғи
ЎзА