Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ҳужжатлари ижросини таъминлашда мустаҳкам тизим яратилмоқда
15:57 / 2024-05-16

Президентимиз ижро интизоми йўналишида мустаҳкам тизим яратиш, тартиб ўрнатиш, темир интизомни жойига қўйиш, раҳбарлар ва ходимларнинг дунёқарашини ўзгартиришни асосий вазифа сифатида белгилаб берган.

Шу мақсадда давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини оширишга эътибор қаратилмоқда. Ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир” ташкил этилмоқда.   

Адлия вазирлиги томонидан “ljro.gov.uz” электрон тизимини  такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.   

Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда “ljro.gov.uz” электрон тизимида давлатимиз раҳбарининг 3 минг 724 ҳужжатидаги топшириқлар ижроси мониторинги юритилади.  

“Unicon soft” масъулияти чекланган жамияти томонидан “ljro.gov.uz” тизимини такомиллаштириш бўйича жорий қилинган янги механизмлар ҳақида маълумот берилди.  

Жумладан, топшириқларнинг ижросини оралиқ назорат қилиш тартиб-таомиллари, давлат органлари ва ташкилотларининг тегишли электрон тизимлари орқали топшириқлар амалда бажарилганини текшириш, даврий топшириқларнинг ижро муддатларини белгилаш ҳамда назоратини олиб бориш каби ўзгартиришлардан иштирокчилар хабардор бўлди.  

“ljro.gov.uz” электрон тизими мунтазам равишда техник жиҳатдан такомиллаштирилмоқда. Хусусан, тизим даврий топшириқларни автоматик равишда кейинги муддатга ўтказиш, топшириқларда бирдек масъул бўлган ташкилотларни тенг шаклда рўйхатга олиш, жойларда ўрганилиши зарур бўлган топшириқлар ижросини тизим орқали ҳудудий адлия органларига тушириш каби техник имкониятлар билан янада кенгайтирилди.   

Тадбир якунида “ljro.gov.uz” электрон тизимидаги мавжуд муаммолар бевосита ижрочилар билан муҳокама қилинди. Тизимни доимий такомиллаштириб бориш бўйича келишиб олинди.   

Н.Абдураимова, ЎзА