Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ҳужжатлари ижроси ўз вақтида бажарилаяптими?
09:33 / 2022-07-28

Президент ҳужжатлари – фармон, қарор ва фармойишлар маълум соҳа ва тармоқлардаги муаммоларни ҳал қилиш, янги ва қулай тартибларни жорий этиш мақсадида қабул қилинади. Бундан кўзланган мақсад эса аҳоли манфаатларини ва жамият ривожини таъминлашдир.

Фақат бунинг учун ана шу қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари барчага бирдек етиб бориши ва ижроси таъминланиши шарт. 

Амалда барча қонун ҳужжатлари рисоладагидек бажарилаяпти, деб айтиш қийин, албатта. 

Шунинг учун ҳам қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган Президентимизнинг 2021 йил 10 февралда “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назоратни олиб бориш бўйича Адлия вазирлигига қўшимча вазифалар юклатилди. 

Мамлакатимизда ижро назоратининг фундаментал асоси яратилди ва шу аснода бу борада мутлақо янги ва яхлит тизим йўлга қўйилди.

Натижада ортиқча қоғозбозликларнинг олди олинди.  Топшириқлар масъул ижрочиларга тезкор етказилиб, уларнинг ижроси ўз вақтида ва тўғри ташкил этилмоқда. Шунингдек, узоқ вақтлар давомида бажарилмасдан келинаётган топшириқларнинг бажарилиши таъминланиб, бу каби салбий ҳолатларнинг кескин камайишига эришилди. 

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Президент ҳужжатлари ижросини таъминлашда кўрилаётган чоралар, давлат органларида Президент ҳужжатлари ижро ҳолати” мавзусига бағишланган матбуот анжуманда шу ҳақда сўз юритилди. 

Адлия вазирлиги томонидан январь-июнь ойларида 313  ҳужжатдаги 16 минг 599 топшириқ “Ijro.gov.uz” тизимида рўйхатга олиниб, ижрога қаратилган. 

Топшириқлар ижроси бўйича киритилган 56 минг 967 ижро натижалари кўриб чиқилди ҳамда жорий йилнинг биринчи ярмида ижро муддати тугаган топшириқларнинг 4 минг 816 таси ёки 98 фоизи ижроси таъминланди. 

Давлат раҳбарининг 15 соҳадаги топшириқлари ижроси ички иш режаларга асосан мониторинг ва таҳлил қилиниб, натижаси бўйича Президент Администрациясига таҳлилий ахборот ҳамда маълумотлар киритилиши таъминланди. 

Муддати ўтиб, бажарилмаган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда келгусида бу каби ҳолатларни такроран содир этилишининг олдини олиш юзасидан Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа идораларга ўндан ортиқ тақдимнома киритилган.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА