Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент гранти ва имтиёзли таълим кредитига кимлар эга бўлади?
14:57 / 2021-03-04

Қарши шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида ёшларни олий ўқув юртларига ўқишга киришга жалб қилиш борасидаги қулайликлар, Давлат тест маркази томонидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Давлат тест маркази Қашқадарё вилояти бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мутахассислар, ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар иштирок этди.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов, Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова ва бошқалар 2021-2022 йилларда олий ўқув юртларига кириш бўйича яратилаётган имконият ва бу йилги тест синовларида кутилаётган ўзгаришлар хусусида маълумот берди.

– Бугунги кунда марказ томонидан Тошкент шаҳри ва ва ҳудудларда учрашувлар ташкил этилмоқда. Бундан мақсад эса олий ўқув юртларига кириш учун тест синовларига тайёргарлик олдидан аҳоли ва ота-оналар фикрини ўрганиш ва улар томонидан туғилаётган саволларни таҳлил қилишга қаратилган. Шу билан биргаликда, бу йилги кириш тест синовларидаги ўзгаришлар кутилаётгани ҳақида хабар қилиб бориш ҳам фойдалидир. Дейлик, бу йил тест синовларини ташкил этишнинг икки тартиби мавжуд. Агар мамлакатимизда пандемия ҳолати сақланиб қолса, унда тест синовларини ўтказиш очиқ иншоотларда бўлиб ўтади. Ҳозир аҳолини аҳоли эмлаш ишлари бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда. Шунга асосан пандемия тугатилса, унда кириш синовлари анъанавий тартибда ташкил этилади. Ўтган йил ҳужжатлар топшириш бир неча жараёнларда амалга оширилган бўлса, бу йил абитуриент қайси ҳудудда бўлмасин, ўз яшаётган жойидан марказимиз сайтидан рўйхатдан ўтиб, ҳужжатларни топшириш имкониятига эга. Бундан ташқари, жорий йилги тест синовлари бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган, – деди Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов.

[gallery-1395]

– 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури қабул қилинди, – деди Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова. – Мазкур дастурда белгиланган вазифалар ва ёшлар учун яратилаётган қулайликлардан барчамиз хабардор бўлишимиз шарт. Бугунги учрашувда дастурдаги устувор вазифалар ҳақида иштирокчиларга маълумот беришда яна бир имкондир. Дастурнинг ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган тадбирларга мувофиқ, 2021-2022 йиллардан бошлаб, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидан энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади. Агар битта оилада контракт асосида иккита ва ундан ортиқ ўқишга кирган фарзандларга имтиёзли таълим кредити берилади. Бу шундай имтиёзки, талаба томонидан кредитни ўқишни тугатгандан сўнг тўлаш амалиётга татбиқ қилинади.  

Таъкидлаш керакки, ушбу тадбир ташкил этилган Қарши шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби ҳам илм бериш ва унинг натижалари жиҳатидан салоҳиятли ўқув маскани ҳисобланади. Бу ерда уч минг нафарга ўқувчи таҳсил олади. 120 нафар ўқитувчи эса уларнинг пухта билим олишига масъулдир. Биргина ўтган йили мактаб ўқувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириши 54 фоизни ташкил этди.

– Мақсадим ҳуқуқшунос бўлиш, – деди ушбу мактаб битирувчиси Шуҳрат Расулов. – Ҳозир кириш тест синовларига жиддий тайёрланяпман. Ҳужжатларимни Тошкент давлат юридик университетига топшириш ниятим бор. Бугунги учрашув мен ва синфдошларим учун жуда мазмунли бўлди. Тадбир ташкилотчиларига ва меҳмонларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА