Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси А.Хаитов ҳудудий кенгашлар вакиллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида онлайн тарзда видео мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани қайд этилди. Шу жараёнда Наманган вилоятида олиб борилаётган ишлар мисолида фермер хўжаликларининг ютуқлари таъкидланди. Хусусан, сўнгги 5 йилда 39 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилган бўлиб, Тўрақўрғонда 5 минг гектар адир ерни томчилаб суғориш орқали ўзлаштириш бошланди. Ҳозирда 2 минг гектари ўзлаштирилди ва 1,3 минг гектарида боғ ва узумзор барпо этилди.

Келгусида Поп туманида 4 минг гектар, Косонсой, Чуст ва Мингбулоқ туманларининг ҳар бирида 1 минг гектардан ер қайта ўзлаштирилади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланиш ва маҳсулот етиштириш узлуксизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда маҳсулот етиштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони фермер хўжаликлари учун янги имкониятлар эшигини очди.
Унга кўра, биринчи марта қишлоқ хўжалиги ерларини қисман қайта ижарага бериш ҳуқуқи берилди. Бу эса ердан янада самарали фойдаланиш ва ер майдонларини мақсадли ишлатиш имкониятини яратади.
Ижарачи ернинг бир қисмини бошқа шахсга қайта ижарага бериши мумкин. Лекин, бу жараёнда Ер кодексининг 461-моддасида белгиланган минимал ўлчамлардан кам бўлмаслиги шарт. Ерларни қайта тақсимлаш қишлоқ хўжалиги харитаси яхлитлиги ва мавжуд суғориш тизимига зарар етказмаган ҳолда амалга оширилади. Давлат хизматлари орқали ерни бўлиш ва янги чегараларни белгилаш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, фармон мазмун-моҳияти барча ҳудудлардаги фермер хўжаликларига етказилиши учун туман ва шаҳар фермерлар кенгашлари ҳамда бухгалтерия марказлари масъул қилиб белгиланди.
Унда фармоннинг аҳамияти, уни амалиётга татбиқ этиш йўллари ва фермерларга яратиладиган имкониятлар атрофлича тушунтирилди.
Президент фармони ва унинг ижроси қишлоқ хўжалигида янги босқични бошлаб берди. Ердан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни татбиқ этиш ва фермерларни қўллаб-қувватлаш натижасида соҳада ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
ЎзА