Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент фармони ижрода ва назоратда
16:14 / 2024-07-10

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Навоий вилоятининг Нурота туманига пресс тур ташкил этилди.

Тадбир аввалида Нурота тумани марказидаги истироҳат боғида сайёр қабул ўтказилди. Унда тумандаги 11 та маҳалладан келган фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволлар билан соҳа ходимларига мурожаат қилди.  

Тадбир давомида аҳолига қонунчиликдаги янгиликларни етказиш мақсадида ҳуқуқий-тарғибот кўргазма бурчаги, миллий ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди. Фуқароларга электрон имзо олиш, тиббий ва манзил маълумотлари, судланганлик ёки судланмаганлик тўғрисидаги маълумотлар, фарзандини мактабгача ва мактаб таълими муассасасига навбатга қўйиш каби 40 га яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Бундан ташқари, ёшлардан никоҳдан ўтиш учун аризалар қабул қилиниб, аввалдан ариза берган ёшларга тегишли тартибда никоҳ гувоҳномалари топширилди.

– Юртимизда Адлия органлари фаолиятини янада яхшилаш, ихчам бошқарув тизимини шакллантириш борасида аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда, – дейди Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари – ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси Севара Ўринбоева. – Бу борада Президентимиз 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида” ги фармони қабул қилинди. Унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида адлия органлари ва муассасалари фаолияти учун янги йўналишлар, вазифалар белгилаб берилган. Улардан бири “маҳалла еттилиги” билан ишлаш, аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларини аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш, шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш вазифасидир. Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан республикамиз бўйлаб пресс-тур ташкил этилмоқда. Уларда ҳудудлардаги ОАВ вакиллари ва журналистлар, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ҳамюртларимиз қатнашмоқда.  

Бугунги кунда Нурота туманидаги 31 та маҳаллада 89 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бандлик, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда ҳуқуқий кўмакка муҳтожлик, оилавий муносабатлар, туғилганлик ва никоҳ гувоҳномаси олишда мурожаатларнинг кечикиш ҳолатлари ҳудуд аҳолисининг асосий муаммоларини ташкил этади. Ҳуқуқий-тарғибот тадбирида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам шу каби муаммолар юзасидан масъул идоралар томонидан ҳуқуқий тушунчалар берилди. Аксарият мурожаатлар шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.  

Пресс-тур иштирокчилари туман марказидаги “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “маҳалла еттилиги”  фаолияти ва маҳаллага ўрнатилган хизмат тури инфокиоска қулайликлари билан танишди. Адлия вазирлиги масъул ходими томонидан  инфокиоскадан фойдаланиш тартиби тушунтирилди. Шу жойнинг ўзида бир қатор давлат хизматларидан фойдаланилди.

Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.  

А.Бўриев,

ЎзА мухбири