Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб, шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий этилди. Яъни, 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карталарни жорий этишга киришилди.

Маълумки, ID карта – шахснинг биографик маълумотлари, рақамли фотосурати, бармоқ излари ва электрон рақамли имзо калити сертификатини сақловчи пластик карта кўринишидаги ҳужжат ҳисобланади. Бугунги кунда ID-карталар дунёнинг аксар мамлакатларида қўлланиб келинмоқда. Жаҳон тажрибасида бу картадан нафақат шахсни ва фуқароликни тасдиқловчи гувоҳнома, балки банк пластик картаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, очиқ калит, электрон ҳамён сифатида ҳам фойдаланилади.
Мамлакатимизда ҳам фуқаронинг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган ушбу картанинг жорий этилиши аҳолига давлат хизматлари кўрсатишни сезиларли даражада осонлаштиради ва оптималлаштиради. Шунингдек, хавфсизликни таъминлашда ҳам алоҳида эътиборга молик, яъни барча маълумотлар шифрланган бўлади.
– Президентимиз фармони ижросини таъминлаш доирасида амалдаги биометрик паспорт ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат — ID-карталар фуқароларга тақдим этилмоқда, – дейди Юнусобод тумани Ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Улуғбек Саитов. – Фармонга кўра, биометрик паспортлар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади. 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабрга қадар ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра, 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабрга қадар эса мажбурий тартибда ID-карта олиш лозим. Бу борада Юнусобод тумани миқёсида шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида 19 минг 37 та ID-карталар шакллантирилди. Ушбу рақамлар ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда ўсиш кузатилган. Яъни ўтган йилнинг 9 ойи давомида 9 минг 642 та фуқароларга идентификация ID-карталари расмийлаштириб берилган. Ушбу ҳужжат қулайлиги ва хавфсизлиги нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади. Бўлимимиз томонидан фуқароларнинг ID-карта олиш борасидаги мурожаатларига мунтазам равишда эътибор қаратилиб, ҳужжат ўз вақтида расмийлаштириб берилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланишини, шу муносабат билан ўз вақтида идентификация ID-карталарини олиш учун мурожаат қилишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун фуқаролар доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар, экстерриториаллик тамойили асосида исталган маълумотларни йиғиш пунктига ўзи келиб ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.
М.Комилова, ЎзА