Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент фармони амалда: тиббий хизмат аҳолига яқинлашмоқда
09:16 / 2023-08-18

Мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва тиббиётни аҳолига яқинлаштириб, даволаниш самарадорлигини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармонида ҳам ҳудудларда оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этиш белгилангани соҳани янада ривожлантириб, одамларнинг бугунидан рози бўлиб яшаш, эртанги кунига умид билан боқиш туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Айни пайтда жойларда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, тиббиёт ходимларининг сифатли хизмат кўрсатиши, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиши учун барча шароит яратилаётир. Мавжудлари таъмирланиб, замонавий усулда жиҳозланмоқда. Бирламчи тиббиёт муассасаларини УЗИ, ЭКГ сингари муҳим ускуналар билан таъминлашга эътибор кучайтирилиб, оилавий поликлиникаларда кундузги шифо ўринлари ташкил этилмоқда. 

Мамлакатимизнинг узоқ ва чекка ҳудудларида ихчам маҳалла тиббиёт пунктлари барпо этилаётганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Давлатимиз раҳбари 2022 йил 18 март куни тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда ихчам, қулай маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этиш ғоясини илгари сурган эди.

Бу ташаббус олис ва чекка ҳудудлардаги аҳолининг марказдаги шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволанишига қулай имконият яратгани, бирламчи тиббий хизматни одамларга яқинлаштириб, тиббий муолажалар самарадорлигини оширгани билан эл оғзига тушди. 

Сурхондарё вилоятида ҳам мазкур топшириқ ижроси доирасида воҳанинг марказдан узоқ ҳудудларида контейнер типидаги ихчам маҳалла тиббиёт пунктлари барпо этилиб, аҳолининг узоғи яқин, мушкули осон қилинмоқда. Малакали тиббий хизмат олис ва чекка ҳудудлардаги ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. 

–Тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштиришга қаратилган бу иш чекка ва олис қишлоқлар одамларининг узоқ йўл босиб туман марказига бориши, 5–10 километр масофада жойлашган тиббиёт масканига қатнаши ёки биргина ташхис учун навбат кутиб кун ўтказиш сингари муаммоларига чек қўймоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Абдувоитов.–Ўтган йилнинг ўзида вилоятнинг Бойсун, Сариосиё, Узун, Термиз, Денов каби туманларида ташкил этилган ана шундай тиббиёт масканлари олис ҳудудлар аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Чекка ҳудудлардаги халқимизнинг ҳаётидан рози бўлиб, соғлом турмуш кечиришига хизмат қилмоқда. Бу йил давлат Дастурига мувофиқ олис ва чекка ҳудудларда маҳалла тиббиёт пунктларини барпо этиш давом этмоқда. 

Оилавий поликлиникалар қошида фаолият юритадиган маҳалла тиббиёт пунктларида ҳам умумий амалиёт шифокори, патронаж ҳамширалар хизмат кўрсатади. Ҳудудга бириктирилган ҳамшира уйма-уй юриб, аҳоли саломатлигини мунтазам назорат қилади. Унинг тавсияси асосида шифокор бевосита тегишли хонадонга бориб, тиббий муолажалар ўтказади, эҳтиёж бўлса, шифохонага ётиш учун йўлланма беради. 

Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятдаги чекка ва олис ҳудудларга 176 та ихчам маҳалла тиббиёт пункти ўрнатилди. Жорий йилда 50 та олис ва чекка ҳудудда контейнер типидаги ихчам тиббиёт пункти барпо этилмоқда. Ҳозиргача Бойсун, Олтинсой, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Ангор сингари туманларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятига эга янги маҳалла тиббиёт пунктлари фойдаланишга топширилди. 

Бойсун тумани тоғлар қўйнидаги энг олис ва чекка ҳудуд. Туманда 250 ўринли битта марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий, 4 та оилавий поликлиника, 5 та оилавий шифокорлик пункти аҳолига хизмат кўрсатаётир. Ўтган йили ўнга яқин маҳаллада махсус жиҳозланган контейнер ўрнатилиб, ихчам, қулай тиббиёт пункти ташкил этилган. Бу йил тумандаги Боғиболо маҳалласи аҳолиси ҳам ана шундай тиббиёт маскани хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. 

Яқинда Олтинсой туманидаги Қоратепа маҳалласида ишга туширилган ихчам тиббиёт пункти икки минг аҳолига хизмат кўрсатади. 

Ҳудудда “Бобур” оилавий шифокор пунктига қарашли маҳалла тиббиёт маскани ташкил этилгани барчага бир олам қувонч улашди.

Нуронийлар қўлини дуога очиб, юртимизга тинчлик, ободлик, амалга оширилаётган барча эзгу ишларга бардавомлик тилади. 

–Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, – дейди меҳнат фахрийси Хуррам бобо Маматрахимов. – Шундай пайтларда анча йўл босиб, оилавий шифокор пункти ёки туман марказидаги шифохонага боришимизга тўғри келар эди. Ёшим 84 га етиб, том маънода халқ дардини ўйлайдиган замонни кўрдим. Қаранг, ихчам тиббиёт пунктида халқимизга сифатли хизмат кўрсатиш учун зарур барча шароит яратилган. Албатта, бу иш аҳолимизнинг узоғини яқин қилади. Бу ерда меҳнат қиладиган умумий амалиёт докторлари ва ҳамширалар халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишига ишонамиз. Юртимиз тинч, обод, бундай хайрли ишлар узлуксиз давом этишини тилаймиз. 

Вилоятда аҳоли қатновига қулай жойларда барпо этилаётган ихчам маҳалла тиббиёт пунктлари чекка ва олис ҳудудларда шифокор тавсияси асосида оддийгина уколь олиш ёки кутилмаганда олинган енгил жароҳатига малҳам қўйиб, боғлаш учун овора бўлиб, узоқ йўл босишга чек қўймоқда. Эндиликда бу қишлоқларда одамлар шифокорни эмас, тиббиёт ходимлари ҳол-аҳвол сўраш, саломатлигини билиш учун аҳоли хонадонларига келмоқда. Бундай қулайлик айниқса, кексалар ва хотин-қизларга руҳий қувват улашиб, уларнинг соғлом турмуш кечиришига кўмаклашмоқда. Инсон қадри тамойили ҳаётида ўз ифодасини топаётганидан фахр ҳиссини туйиб яшамоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА