Давлат раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига асосан мажбурий ижро бюросининг “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 3 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, “Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида” Низом тасдиқланган. Жамоатчилик ўртасида барча энди алимент қарздорликлари давлат томонидан тўлаб берилиши керак, деган турли фикрлар пайдо бўлмоқда. Хўш, аслида амалиётнинг тартиб-талаблари қандай, у қай тарзда татбиқ этилмоқда?
Бюронинг Хоразм вилояти ҳудудий бўлимлари иш юритувида 2022 йил 1 октябр ҳолатига алимент ундирувига доир жами 10 минг 912 та ижро ҳужжатлари мавжуд.
–Ижро ҳужжатларига асосан жами 18 минг 550 та вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти алимент ундирувлари амалга оширилмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими инспектори Исмоил Ибрагимов. – Жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда 36,1 миллиард сўмлик алимент ундирувлари амалга оширилган. 2022 йилнинг ўтган даврида жами ўтказилган 180 та бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаларда сектор раҳбарларининг амалий ёрдами билан алимент тўловчи 5 минг 764 нафар ишсиз қарздорларнинг
1 393 нафари ишга жойлаштирилган. Бундан ташқари 765 нафар ишсиз алимент тўловчи қарздорлар ярмаркада тавсия қилинган бўш иш ўринларида ишлашни рад қилган. Шу даврда 2 минг 319 та оилалар ўзаро яраштирилди. 4 минг нафар болаларнинг етим қолишининг олди олинди. 2022 йилнинг 9 ойи давомида ундирувчилар номига очилган карточкаларга тушумлар 36,1 миллиард сўмни ташкил қилди.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор (Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг) жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорлик яъни жиноят натижасида етказилган зарарни белгиланган тартибда ундирувчи фойдасига тўлаб бериш мақсадида алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисида давлат ижрочиси томонидан қарор қабул қилишини белгиланган.
– Жамғармадан ундирувчига қоплан берилган алимент тўловлари бўйича қарздор ушбу жиноят натижасида етказилган зарардан озод қилинмайди ва ундирувчига жамғармадан қоплаб берилган маблағларни жамғармага қайтариш бўйича қарздорга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилади, – дейди Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими инспектори Исмоил Ибрагимов. – Жамғармадан алимент олувчи ундирувчиларга пул маблағи тўлаб беришга фақатгина жиноят ишлари бўйича тегишли суднинг жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ бўлган ва қабул қилган ижро варақаси асос бўлади.
Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан бугунги кунга қадар алимент олувчи ундирувчилар фойдасига уларга нисбатан жиноят натижасида етказилган зарарлардан 22 та ижро ҳужжат бўйича жами 147 миллион сўм маблағлари жамғарма ҳисобидан қоплаб бериш бўйича тегишли мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки эндиликда ушбу ҳужжатга мувофиқ ўз мажбуриятларини бажаришдан қасддан бўйин товлаган ва бу қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг алимент бўйича қарздорликлари “Алимент тўловлари” жамғармасидан қоплаб берилади.
–Бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаган
381 нафар қарздорлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди, – дейди бюронинг вилоят бошқармаси суриштирувчиси Жалолбек Саъдуллаев. – Шунингдек, маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин ҳам ўзига хулоса чиқармасдан, алимент қарздорлигини тўламаган 41 нафар қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан жиноий иш қўзғатилди. Суриштирув давомида 1 та ижро ҳужжати бўйича қарздор ва ундирувчи яраштирилиб, қолганлари бўйича белгиланган тартибда судга айблов далолатномалари юборилди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.
Бюронинг Урганч шаҳар бўлими иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 1 минг 530 та ижро ҳужжати мавжуд. Шундан 789 таси алимент ундируви билан боғлиқ ижро ишлари қарздорларнинг иш ҳаққига қаратилиб, мунтазам равишда тўлаб келинмоқда.
– Алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан 131 нафар қарздорларга нисбатан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судига юборилиб, судлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинган, – дейди Бюронинг Урганч шаҳар бўлими давлат ижрочиси Жаҳонгир Ибрагимов. – Алимент тўловчи қарздорлар томонидан жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам тегишли хулоса чиқармасдан мунтазам равишда мажбуриятларини бажармасдан келганликлари учун 9 нафар қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилган. Президентимизнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони ижросини таъминлаш, шунингдек алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини самарали йулга қўйиш мақсадида 3 нафар алимент ундирувчиларга жамғарма ҳисобидан тўловлар амалга оширилган.
Урганч шаҳрида яшовчи Сокини Собированинг (исм – шарифи ўзгартирилган) эри вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлагани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Алимент тўловлари мазкур жамғарма ҳисобидан қоплаб берилган.
– Фарзандни вояга етказиш учун албатта моддий таъминот муҳим роль ўйнайди, – дейди фуқаро Сокини Собирова. – Эрим масъулиятдан бўйин товлади. Бироқ, давлатимиз раҳбари мени ва фарзандларимни ўйлаб мана шундай эзгу фармон чиқарди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Фарзандларимни элимиз, юртимиз, ватанимиз равнақи учун хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялайман.
Эслатиб ўтамиз, “Алимент тўловлари” жамғармаси маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилади.
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА мухбири