English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент эътиборига тушган ўзбекнинг чемпион қизи
11:14 / 2022-03-16

Шу йилнинг 10 февраль куни давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, жойларда ислоҳотларнинг бориши билан танишди.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактабда бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактабда кечган самимий мулоқотлар, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг фикрлари, таассуротлари ҳалигача оммавий ахборот воситаларида ёритилмоқда, катта-кичик давраларда айтилмоқда.

Учрашувда мактабнинг 12-синф битирувчиси, шашка бўйича Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва жаҳон биринчиликлари ғолиби Маҳбуба Халилова ҳам бор эди.

– Давлатимиз раҳбари хонага кириб келганларида биз, ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳақида маълумот берилганда у киши мени яхши билишларини айтиб, жаҳон чемпионатидаги муваффақиятларим учун табрикладилар, – дейди Маҳбуба ҳаяжон билан. – Тўғриси, кутмагандим. Айниқса, мен ва дугонам билан (у билан мусобақаларда бирга қатнашганмиз) фахрланишларини билдириб, кейинги чемпионатларда омад тилаганларидан жудаям хурсанд бўлиб, тўлқинланиб кетдим. Албатта, мен ҳам бундай эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишимни айтдим. Шунингдек, ўз орзу-умидларим ҳақида гапирдим, келажакда ука-сингилларимга шашкани ўргатиб, чемпионларни тарбиялашга ўз ҳиссамни қўшишимни билдирдим. Президентимиз гапларимдан хурсанд бўлдилар ва мактабимизнинг мен каби тўрт нафар чемпион, халқаро мусобақалар ғолиби бўлган ўқувчиларига олий ўқув юртига имтиҳонларсиз, имтиёзли ўқишга кириш имконияти берилишини айтдилар. Бу бир умр хотирамизда қоладиган учрашув бўлди.

Маҳбуба Халилова 2003 йилда Тойлоқ тумани Давлатобод маҳалласида туғилган. Дастлаб қишлоғидаги мактабга борган, сўнгра 2012 йил 59-мактаб-интернатга ўқишга келган.

– Болалигимдан уйда ота-онам, амакиларим билан шашка ўйнардик ва бу спорт турига жуда қизиқардим – дейди Маҳбуба. – Шунинг учун бу мактабга ўқишга келганимдан кейин ҳам дарсдан бўш вақтларимда доим шашка ўйнардим. Бу қизиқишим устозим Амрулла Абдуллаевни беэътибор қолдирмабди ва менга шашкани мукаммал ўргата бошладилар. Амрулла ака халқаро тоифадаги спорт устози, шу билан бирга математикадан дарс берарди. Ҳозир нафақада бўлсалар ҳам бизга шахмат-шашкадан сабоқ беришдан эринмайди.

Шу тариқа Маҳбуба мактабга ўқишга келганидан уч-тўрт йил ўтиб, вилоят, республика мусобақаларида қатнаша бошлади. 2016 йилда Сирдарёда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. 2019 йилда пойтахтимиз шашка бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Бу мусобақа Маҳбуба учун муваффақиятли кечди ва у олтин ва кумуш медаллари соҳибаси бўлди. Ўша йили жаҳон кубогида ҳам қатнашиб, бронза медали билан тақдирланди. Ўтган йил август ойида Болгариянинг Кранева шаҳрида шашка бўйича жаҳон чемпионатида 23 ёшгача бўлганлар ўртасида рапид йўналишида олтин ва классик йўналишда кумуш медалларини қўлга киритди. Бу йил жаҳон чемпионати Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилади. Маҳбуба айни пайтда ушбу чемпионат саралаш баҳсларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Бу орада, Президентимизнинг шу йил 5 мартдаги қарори билан юртимизнинг бир гуруҳ истеъдодли қизлар қаторида у ҳам Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

– Бир ой ичида Президентимиз билан икки марта учрашиш, нуфузли давлат мукофотини қўлларидан олиш, тўғриси, кутилмаган, фақат орзу қилиш мумкин бўлган ҳолат, – дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Маҳбуба Халилова. – Не бахтки, менга бу насиб этди. Ҳалигача қалбим қувонч ва ҳаяжонга тўла. Президентимизга ваъда бердим, дилимга тугиб қўйдим – мен бу юксак эътиборга муносиб бўламан, билдирилган ишончни албатта, оқлайман.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА