2024 йил 7 августда «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.
Ушбу қонун «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган асосий ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Туркия, Грузия, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари каби ривожланган давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, халқаро молия институтлари, хусусан, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва USAID тавсиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимизнинг электр энергетика соҳасини ислоҳ қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.
10 та боб ва 68 та моддадан иборат мазкур қонунда мамлакатимизнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли ва сифатли электр таъминоти бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш, самарали, шаффоф ва рақобатли электр энергияси бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш, хусусий сармояларни жалб қилиш бўйича умумий қоидалар белгиланди.
Қонун Ўзбекистон Республикасида саноатни ривожлантириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш, энг муҳими, ишончли, хавфсиз ҳамда барқарор электр таъминоти тизимини яратишга хизмат қилади. Қонуннинг яна бир муҳим қоидаларидан бири, электр энергетика секторидаги монополиянинг бекор қилинишидир. Бу вақтгача электр энергетика бозори монополь бўлиб, бу янги иштирокчилар ва инновациялар имкониятларини чеклаб қўйган эди.
Монополия бекор қилиниши билан янги ўйинчилар учун имконият очилади. Бу эса рақобатни ривожлантириш ва хизмат сифатини яхшилашга ёрдам беради. Қонунда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сақлаш, истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш, марказий харид қилувчи функцияларини бажариш, электр энергияси савдоси Энергетика бозори регулятори томонидан берилган лицензия асосида амалга оширилиши белгиланган. Ушбу фаолият турларини амалга ошириш сифати доимий назорат қилинишига асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига кўра, қонунда электр энергияси бозорининг ҳар бир иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳамда улар ўртасида адолатли ва очиқ рақобатни таъминлайдиган механизмлар аниқ белгиланган. Бу инфратузилма ва бозор маълумотларига тенг кириш шароитларини, шунингдек, шартномалар тузиш ва нархларни тартибга солишнинг шаффоф процедураларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, ушбу ҳужжатга асосан бозор ва унинг иштирокчилари фаолияти, нархлаш механизмлари, тарифларни қўллаш ва электр энергияси бозоридаги ўзгаришлар динамикасини ўз ичига олган йиллик ҳисобот Энергетика бозори регулятори томонидан эълон қилиб борилади.
Қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож истеъмолчиларни қўллаб-қувватлашга оид нормалар киритилган. Ушбу истеъмолчилар учун қулай тўлов шартларини жорий қилиш, олдиндан тўлов ҳисоблагичларини ўрнатиш, таъминотни вақтинча тўхтатиб туришдан озод қилиш ва бошқа кўрсатиладиган тўғридан-тўғри ижтимоий ёки моддий ёрдам кўрсатиш каби чоралар белгиланишини назарда тутади.
Янги қонун тарифларни шакллантириш учун қатъий қоидаларни жорий қилади. Бу ҳақиқий ишлаб чиқариш ва узатиш харажатларининг ҳисобга олиниши, шунингдек, етказиб берувчилар учун адолатли фойда олишни таъминлайди. Қонун, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қоидаларни ўз ичига олади. Асоссиз тарифлар ва сифатсиз хизматлардан шикоят қилиш, шикоятларни кўриб чиқиш, истеъмолчилар ва етказиб берувчилар ўртасидаги низоларни тартибга солиш механизмлари киритилган.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА