Жорий йилнинг 14 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлиб, ушбу шифо масканида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олган эди.
Давлатимиз раҳбари билан учрашган бемор қизлардан бири, Чуст туманидаги Олмос қишлоғидан бўлган Сабрина Инсофалиева онлайн дарсларга қатнаша олмаётганини айтган эди.
17 ёшли Сабрина “Булоқбоши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 41-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. У икки йилдан бери онкологик касаллик билан курашиб келади. Касаллик билан курашаётган қизнинг истагини бажо келтириш мақсадида маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари марказга беморни йўқлаб борди. Сабринага Наманган вилояти ҳокимининг совғаси – замонавий ноутбук ва бошқа ҳадялар топширилди.

Сабрина даволаниш курслари давомида тиббий марказ маъмурияти томонидан бепул интернет “вай-фай” тармоғи билан таъминланади. Бемор қиз уйига қайтгач, Чуст тумани халқ таълими бўлими кўмаги остида онлайн дарсларини бошлайдиган бўлди. Чуст тумани ҳокимлиги томонидан унинг хонадонига интернет тармоғи бепул улаб берилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА