Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Президент арчаси” болажонларга шодлик улашди
04:08 / 2022-12-30

Янги йил байрами кичкинтойлар орзиқиб кутадиган, олам-олам таассуротлар қолдирадиган севимли байрам. Халқимизга хос болажонлик, юксак инсонпарварлик, меҳр-оқибат ифодаси сифатида анъанавий тарзда топшириб келинаётган Президент совғалари Наманганда ҳам болажонларга унутилмас хурсандчилик улашмоқда.

“Президент арчаси” байрам тантаналари болажонлар учун унутилмас онларни туҳфа этди. Байрам тадбирига оилавий болалар уйлари, ота-она қаровисиз қолган чин етим болалар, Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг дилбандлари таклиф этилди.

[gallery-10132]

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов кичкинтойларни Янги йил байрами билан табриклаб, эзгу тилакларини изҳор қилди. Сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида 3-15 ёшли 278 нафар ўғил-қизнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари топширилди. Шунингдек, ихтисослаштирилган “Болалар уйи”нинг 28 нафар тарбияланувчисига ҳам “Президент совғаси” етказилди.

– Ички ишлар бўлими фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида инспектор лавозимида хизмат қилиб келган турмуш ўртоғим Азимжон Раҳмонов айни навқирон, кучга тўлган ёшида вафот этди, – дейди Поп туманида яшовчи Шохсанам Сатторова. – Айни пайтда икки нафар фарзандимни ўстиряпман. Мутахассислигим инглиз тили ўқитувчиси. Эрим вафотидан кейин туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори вазифасига ишга кирдим. Ниятим,  умр йўлдошимизнинг хайрли ишларини давом эттириш. Ҳукуматимиз биздек оилаларга ҳам алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келаётганидан миннатдорман. “Президент арчаси”га таклиф этишганидан айниқса, беғуборгина жажжи ўғлимнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Президентимиз томонидан ўқув қуроллари, турфа ширинликлар ва китоблардан иборат Янги йил совғалари жўнатилгани чинакам туҳфа бўлди.  

Байрам тадбирда вилоят мусиқали драма театри томонидан саҳналаштирилган “Вақт калити” номли эртак-спектакли томошалари ва қувноқ куй-қўшиқлар болажонлар қалбини шодликка тўлдирди.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА