Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пресс-тур учун нега Самарқанд тумани танланди?
19:03 / 2020-08-25

Таъкидланишича, айни пайтда туманда 650 фермер хўжалигининг 223 таси боғдорчилик, 222 таси узумчилик ва 288 таси ғалла-сабзавотчилик йўналишида фаолият юритмоқда.


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси жуналист ва блогерларни қишлоқ хўжалик соҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар билан яқиндан таништириш мақсадида Самарқанд туманига пресс-тур уюштирди.

Самарқанд тумани ҳокими ўринбосари Фирдавс Раҳимов мамлакатимиз ички бозорини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида туманда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, айни пайтда туманда 650 фермер хўжалигининг 223 таси боғдорчилик, 222 таси узумчилик ва 288 таси ғалла-сабзавотчилик йўналишида фаолият юритмоқда. Улар томонидан жорий йилида 5 минг 385 гектар сувли ер майдонида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда. Мавжуд 3 минг 751 гектар боғ, 4 минг 165 гектар узумзордан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида барча имкониятлар ишга солинган. Барча тоифадаги фермер хўжаликларида 44 минг 497 бош қорамол, 4 миллион 751 минг бош парранда парваришланмоқда.

photo_2020-08-25_19-01-04.jpg

photo_2020-08-25_19-01-08.jpg

– Шу пайтгача фермер хўжаликлари томонидан 6098 тонна картошка, 10 минг 740 тонна сабзавот, 5 минг 59 тонна мева ҳамда 2 минг 332 тонна узум ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилди, – деди Ф.Раҳимов. – Ҳозирда ғалладан бўшаган 2 минг 751 гектар ер майдонида такрорий экинлар экилган. Пандемия асоратларини бартараф этиш мақсадида 1378 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож фуқароларга 320 гектар ғалладан бўшаган ер майдони бўлиб берилган ва улар ўз эҳтиёжлари ҳамда бозорга чиқариш учун сабзавот экинлари етиштирмоқда.

Пресс-тур қатнашчилари тумандаги “Аъзам Азамат Агро” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Мазкур хўжалик томонидан 300 бош наслли қорамоллар парваришланмоқда. Бир кунда ўртача 2 тонна сут ишлаб чиқарилиб, мактабгача таълим ташкилотлари, савдо шохобчалари ҳамда қайта ишлаш корхоналарига етказилмоқда. Йил бошидан буён фермер хўжалиги томонидан 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, йил охиригача бу кўрсаткични 700 минг долларга етказиш кўзда тутилган.

Хўжаликда 70 киши доимий, 80 киши мавсумий иш билан таъминланган.

photo_2020-08-25_19-00-57.jpg

photo_2020-08-25_19-01-11.jpg

Тумандаги яна бир йирик тадбиркорлик субъекти – “Навобод наслли парранда” кластер усулидаги кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти ҳам тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ўроқовнинг маълум қилишича, хўжалик паррандачилик тармоғида 300 минг бош наслли парранда парваришланмоқда. Бу ерда ойига 2 миллион бошдан ортиқ наслли жўжа ўстирилиб, республикамизнинг қарийб барча паррандачилик корхоналарига етказиб берилади.  Андижон, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятида корхона филиаллари фаолият юритмоқда. Дастлаб наслли жўжалар германиялик ҳамкорлар томонидан етказиб берилган бўлса, бугунга келиб корхона қошида замонавий инкубация цехи фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари соатига 20 тонна парранда омухта еми ишлаб чиқарилиб мамлакатимиздаги паррандачилик корхоналари ва Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Хўжалик томонидан жорий йилда 90 гектар майдонда замонавий усулдаги узумзор барпо этилди. Республикамиздаги турдош соҳалар, қолаверса хорижий давлатлар тажрибасига таянган ҳолда узумнинг экспортбоп оқ кишмиш нави экилган. Токларга ишлов бериш, агротехник тадбирларнинг барчаси техника воситалари орқали амалга оширилади. Агрокластер қошида узумни қайта ишлаш режалаштирилган ва шу мақсадда 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига Бельгия, Туркия, Германиядан узумни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий ускуна келтирилган. Бу корхонада 300 минг тонна узумни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулот тайёрлаш имконияти мавжуд.

Фермер хўжалиги томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспортга қилинган бўлса йил охирига қадар яна 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспортга йўналтириш режалаштирилган. Пресс-тур қатнашчиларига тумандаги бошқа фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.