Бухоро вилоят мусиқали драма театрида Ойбекнинг “Маҳмуд Торобий” спектакли премьераси (режиссёр Равшан Расулов) бўлиб ўтди.
Премьерага кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, томошабинлар қатнашди.

Дастлаб театр директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Йўлдош Генжаев ҳаммани бугунги янги спектакль премъераси билан табриклади. Бухоро давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, доцент Азалшоҳ Ҳамроев халқ қаҳрамони, мўғул босқинчиларига қарши қўрқмасдан курашган ва ортидан минглаб одамларни эргаштира олган Маҳмуд Торобийнинг шахси ва у бошчилик қилган қўзғолон ҳақида гапириб берди.

... Чекка бир қишлоқда оддийгина косиб хонадонида таваллуд топган Маҳмуднинг вужудига ҳақсизликка нафрат туйғулари гўдаклигидаёқ сингиб борган. У ўз элининг ифтихор қилса арзигулик марди майдон ўғли бўлиб вояга етди. Бешигини тебратган она заминга садоқат Маҳмуднинг эзгу орзуси бўлиб, шунинг учун ҳам у ўзини эл-улусга Тороб қишлоғидан чиққан жасоратли Маҳмуд сифатида танитди. Ватан ва ватандошлар дарди, улар манфаатини улуғлаш, қувончига шерик бўлиш иштиёқи Маҳмуднинг дилидан чуқур жой олган эди. Модомики шундай экан, маҳаллий амалдор ва руҳонийларнинг зулм-зўрлиги, қадим-қадимдан илму дониш маскани бўлган Бухоро тупроғига мўғулларнинг бостириб кириши, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган зўравонликлар юргизишига Маҳмуд Торобий ва унинг тарафдорлари бефарқ қараб туролмади.

Адолат ва табаррук она юртнинг дахлсизлиги учун кўтарилган бу қўзғолоннинг ташкилотчиси ва раҳномаси Маҳмуд Торобий бўлди. Буюк ёзувчи Ойбек мана шу қўзғолон ҳақида 1942 йилда ўлмас асар яратди. “Маҳмуд Торобий” асари Ойбекнинг 1958 йилда нашр этилган “Танланган асарлар” китобига киритилган.

Спектаклда ўзбек профессионал мусиқа санъатининг дарғаларидан бири, фидойи ижодкор, атоқли композитор Мустафо Бафоев мусиқаларидан ўринли фойдаланилган. Бу мусиқалар саҳнадаги жанговор руҳга сингиб кетган каби таассурот қолдиради.
Асар ёш авлодда Ватанни севиш ва унга содиқ бўлиш туйғуларини тарбиялаши билан аҳамиятлидир.
Спектаклда Маҳмуд Торобий ролини ёш артист Амирхон Ғаффоров ижро этди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири