English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Права»ни алмаштиришни яна бир йилга узайтириш керак
17:53 / 2022-03-12

Тошкентдаги Давлат хизмати марказлари «права»ни алмаштиришда «сўнгги мижозгача» иш режимига ўтгани ҳам вазиятни яхшилашга ёрдам бермаяпти.

Бугун қаерга, қайси вақтда борманг, тумонат одам.

Ўтган йилнинг сентябрида ДХМ фақат 3,6 млн. киши «права»сини ўзгартиргани, яна 2 млн.дан ортиқ киши борлигини маълум қилганди. Ўтган олти ойда тахминан 300-400 минг киши «права»ни алмаштирган бўлса, демак, яна 1,7 млн.дан ортиқ одам қолган. Бу рақамни қолган 9 ойга бўлсак, ҳар ойда 180-190 минг ҳайдовчининг ҳужжати алмаштирилиши керак.

Менимча, ДХМ ҳар ойда шунча «права»ни алмаштиришга улгурмаса керак. Чунки ишидан, уйқусидан кечган ҳайдовчилар битта компьютерда хизмат кўрсатилаётгани, кассанинг камлиги-ю ИИВ билан тез-тез алоқа узилаётганидан шикоят қилмоқда.

Пойтахтдаки аҳвол шундай бўлса, вилоятлардаги ҳолатни тасаввур қилаверинг. Ижтимоий тармоқларда эса таниш-билишчилик, «қистир-қистир» авж олгани ҳақида ёзишмоқда.

Шу боис, биринчи босқични йил охиригача чўзиш керак. Сабаби, 2010 йилгача «права» олганлар кўпчиликни ташкил қилади. Қолганларини алмаштиришни 2023 йил охиригача узайтирсак, "осмон узилиб ерга тушмайди".

Акс ҳолда норозилик, таниш-билишчилик, «қистир-қистир»лар кўпайса кўпаядики, камаймайди. Бу аслида шундай ҳаракатларга барҳам бериш мақсадида ташкил қилинган ДХМ обрўсига, қолаверса, Адлия вазирлиги шаънига ҳам яхши гап эмас.


Жаҳонгир Зиёев, депутат