Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтнинг баъзи ҳудудларида нуронийлар учун қулай шароит яратилмаган
14:06 / 2025-12-11

Юртимизда нуроний отахон ва онахонларни эъзозлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга эътибор кўрсатиш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинади. Маҳаллаларда кексалар учун дам олиш масканлари, отахонлар учун чойхоналар ташкил этилган.

Бу борада Ўзбекистон Халқ демократик партияси эл-юрт ривожига катта хизмати сингган нуронийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга қулай шароит яратиш, давлат ва жамият олдидаги муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. Шунинг учун партия депутатлик корпуси орқали ушбу йўналишда белгиланган дастур ва вазифалар ижроси бўйича манзилли ўрганишлар ўтказиб, мутасаддилар ва экспертлар иштирокида доимий муҳокамалар ташкил қилмоқда.

Тошкент шаҳридаги ўрганишларнинг дастлабки натижалари бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида нуронийлар учун яратилган шароитлар ҳамма туманларда ҳам бир хил ва барқарор эмас. Айрим жойларда имкониятлар намунавий даражада бўлса, баъзи ҳудудларда эса нуроний отахон-онахонлар учун ҳатто минимал шароит ҳам яратилмаган.

Қайд этилганидек, Бектемир тумани “Роҳат” маҳалласидаги “Нурли маскан” мажмуаси намунавий тарзда ташкил этилгани, замонавий спорт майдончаси, югуриш йўлаклари, китоб ўқиш ва суҳбат қуриш учун қулай имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди.  

Аммо Олмазор туманидаги “Мискин” ва “Шодиёна” маҳаллаларида ачинарли ҳолатларга дуч келинган. Маҳаллаларда дам олиш жойи бор, аммо газ таъминотидан узилганлиги сабабли хоналар совуқ, маскандан маълум вақт давомида маҳалла идораси сифатида ҳам фойдаланиб келинган.

Халқ демократик партияси депутатлари қайд этишича, нуронийлар масканларида асосан хоналарнинг таъмирталаблиги, кириб-чиқиш йўлакларининг кексалар фойдаланиши учун ноқулайлиги, иситиш ва санитария ҳолати талаб даражасида эмаслиги каби муаммолар тизимли тус олган.

Масъуллар, экспертлар ҳамда жамоатчилик вакиллари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини, таклиф-ташаббусларини билдирди. Жумладан, пойтахтимизнинг барча маҳаллаларида Нуронийлар масканлари учун ягона минимал стандартлар қабул қилиш, мавжуд масканларни фақат таъмирлаш билан чекланмасдан, уларни ижтимоий фаоллик масканига айлантириш, қизиқишлар бўйича тўгараклар, саломатликка оид тренинглар, маданий ва маърифий учрашувларни йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. Умуман, Тошкент шаҳрини пиру бадавлат нуронийлар учун қулай маконга айлантириш ҳақида таклифлар илгари сурилди.

Дастлабки ўрганишлар ва жамоатчилик эшитувидаги илк муҳокамалардан кейин халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Халқ демократик партияси гуруҳи мажлисида таҳлилий кўриб чиқиш кераклиги қайд этилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА