Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети манежида 20 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар ўртасида ташкил этилган мамлакат чемпионатида навбатдаги медаллар шодаси ўз эгаларини топди.
Турли масофаларга югуриш бўйича баҳслашган атлетлар ўртасида Жавоҳир Мажидов, Ҳаёт Аҳмедов, Жонбиби Ҳукумова ҳамда Деспина Бандалетовага тенг келадигани топилмади. Чемпионатнинг 200 метр масофага югуриш эстафетасида ўғил болалар орасида Наманган вилояти жамоаси, қизлар ўртасида эса пойтахт жамоаси марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди. Еттикураш беллашувларида эса Одил Ашуров 3919 очко жамғарган ҳолда мамлакат чемпиони бўлди.
Узунликка ва баландликка сакрашда Азизжон Собиров, Девдавс Исмаилова, Наима Абдувосиқова ҳамда Эмила Рудина шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, лангар чўпга таяниб сакрашда Озодбек Тошбеков ва Ширин Мусахонова олтин медални қўлга киритди.
Мамлакат чемпионатида умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри жамоаси 6 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза билан биринчи поғонадан ўрин эгаллаган бўлса, 3 тадан олтин ва бронза ҳамда 5 кумушни қўлга киритган Сирдарё вилояти иккинчи ўриндан жой олди. Шунингдек, ҳисобида 3 олтин, 2 кумуш ва 5 бронза жами 10 та медали бор Наманган вилояти жамоаси учинчи поғонани банд этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА