Ўзбекистон спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари пойтахтимиздаги қатор спорт ташкилотлари, уларга тегишли иншоотлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Мамлакатимиз спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ва бошқалар дастлаб Яккасарой туманидаги 1-сонли спорт мактабига ташриф буюриб, мактабнинг инфратузилмаси, ёшлар учун яратилган шароитлар, қиш мавсумига тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишди. Кейинги манзил ўзбек спорти учун муҳим таълим масканларидан бири бўлган Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази (РОПСТТМ) бўлди.

Шу кунларда РОПСТТМ сузиш бўйича турли ёш тоифаларидаги Ўзбекистон кубоги баҳсларига мезбонлик қилмоқда. Расмийлар мусобақа жараёнида терма жамоа мураббийлари билан иқтидорли ёшларни селекция қилиш мавзусида суҳбатлашди. Шундан сўнг ишчи гуруҳ гандбол, енгил атлетика, камондан отиш, карате ва бокс залларида ҳам бўлиб, у ердаги шароитларни ўрганди.

МОҚ матбуот хизмати хабарига кўра, мутасаддилар федерация ва ассоциацияларнинг пойтахтимиздаги бўлимлари вакиллари, мураббийлар, шунингдек, РОПСТТМ раҳбарияти билан учрашди. Унда ёш спортчиларни халқаро мусобақаларга муносиб тайёрлаш, спорт таълими соҳасида янги методикалар устида ишлаш каби мавзуларда суҳбатлашилди.


Бунда БЎСМлардан бошлаб миллий терма жамоагача бўлган тизимни ўрганиш, яъни ишни энг қуйи бўғиндан ташкил этиш, иш самарадорлигини ошириш учун ҳудудий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда таклиф тайёрлаш кўзда тутилган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА