Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтимиздаги мактаб битирувчиларининг 939 нафарига имтиёзли аттестат берилди
16:46 / 2023-05-25

Бугун пойтахтимиздаги 335 та умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” жаранглаб, 2022/2023 ўқув йили якунланди. Тадбир “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида ташкил этилди.

Олмазор туманидаги 249-мактабда ўтказилган тантанали тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов ҳам иштирок этиб, устозлар ва ўқувчиларни яна бир ўқув йилини муваффақиятли якунлаганликлари билан табриклади.

Шавкат Умурзоқов ўз нутқида давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган чексиз муҳаббати ва юртимизда ёш авлод камоли учун яратилаётган беқиёс шароитларни эътироф этган ҳолда, ёшларга ишонч ҳамда умид катта эканлигини билдирди. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган битирувчиларга ўз тавсия ва тилакларини айтиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, жорий ўқув йилида шаҳримиздаги 335 та умумтаълим мактабини 73 минг 57 нафар битирувчи тамомламоқда. Уларнинг 41 минг 848 нафари 9-синфни, 31 минг 209 нафари эса 11-синфни тугатмоқда.

Битирувчиларнинг 939 нафари мактабни имтиёзли аттестат билан якунлаб, 90 нафари кумуш ва 849 нафари олтин медаль билан тақдирланди. Эътиборли жиҳати, уларнинг 1 минг 475 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Бу эса ёшларимизнинг билим олишга чанқоқлиги, мамлакатимизда кейинги йилларда навқирон авлоднинг тўлақонли билим олиши учун яратиб берилаётган қулай шароитларнинг амалий натижасидир.  

– Мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олишининг муҳим шарти сифатида устозлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда, – деди Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 133-япон тилига ихтисослаштирилган мактаб директори Нигора Зукурова. – Бу эса педагоглар зиммасига катта масъулият юклайди, таълим бериш жараёнининг сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда. Бунинг натижасида ўқишда, фан олимпиадаларида жуда яхши натижалар кўрсатиб, муддатидан аввал талаба бўлган ёшлар бизнинг мактабимизда ҳам жуда кўпчиликни – 64 нафарни ташкил этганини фахр билан айтмоқчиман. Дарҳақиқат, таълимга, устозларга қаратилаётган юксак эътибор ёш авлоднинг билим олишга бўлган иштиёқининг тобора ортиб бораётганида, уларнинг эзгу орзу-умидлари рўёбга чиқаётганида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. 

Назокат Усмонова, ЎзА