Шу кунларда Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида XIX-UzEnergyExpo ва XIV-UzStroyExpo халқаро кўргазмаларининг қўшма экспозицияси бўлиб ўтмоқда.
“International Expo Group” МЧЖ томонидан ташкил этилган ушбу экспозициянинг умумий майдони 2 500 квадрат метрни ташкил этади. Унда Ўзбекистон, Беларусь, Италия, Индонезия, Эрон, Хитой, Жанубий Корея, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Туркия ва Украина каби ўлкалардан 200 га яқин компания иштирок этмоқда.
[gallery-25844]
– Бизнинг маҳсулотимиз ҳарбий аэродромлардаги йўлларни мустаҳкамлашда ишлатилади, -деди Хитойнинг “Taian nuolian engineering materials” компанияси ходими Адал Мақсад. – Мазкур тўшама сув ўтказмаслик хусусияти билан бошқа шунга ўхшаган махсулотлардан фарқ қилади. Мазкур лойиҳа бўйича ҳозирда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қиляпмиз.
Иштирокчиларнинг 40 фоиздан ортиғи “яшил энергетика” соҳасида фаолият юритувчи компаниялар бўлиб, улар қайта тикланувчи энергия ускуналари, қуёш ва шамол технологиялари, энергияни тежаш тизимлари, ёритиш воситалари, автоматлаштириш, трансформаторлар ҳамда кабель маҳсулотларини ўз ичига олади.
Шунингдек, “UzStroyExpo-2025” доирасида қурилиш ва пардозлаш материаллари, замонавий технологиялар, муҳандислик коммуникациялари ҳамда иссиқлик таъминоти тизимларидаги инновацион ечимлар тақдим этилди.
Д.Ҳакимов, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА