ФОТОРЕПОРТАЖ
Марказнинг очилиш маросимида Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Пак Чин ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Инновацион тадбиркорлик марказини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Кореянинг илғор тажрибаси асосида ёшларнинг инновацион бизнес ташаббуслари, ғоялари ва стартап лойиҳаларини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тизимини ишлаб чиқиш, шунингдек, инновацион ечимларни қўллаган ҳолда мамлакатда стартап экотизимини ривожлантиришдан иборат.
Марказ ҳудудида ёш тадбиркорларга бизнес бошлаш учун зарур бўлган барча хизматлар, жумладан: ўқитиш, консалтинг, инкубация ва акселерация дастурларини амалга ошириши, офис майдонлари ажратиш, инвестиция излаш, лойиҳаларни тижоратлаштириш ва илгари суриш, хорижга ўқув сафарларини ташкил этиш, AКТ инфратузилмаси билан таъминлаш ва бошқа турли хизматлар кўрсатилади.
[gallery-12210]
Бундан ташқари, Марказ фаолияти доирасида Корея Республикасининг Ахборот технологиялари саноатини ривожлантириш бўйича Миллий агентлиги (NIPA) билан ҳамкорликда “K-Lab” – 3D-лаборатория ташкил этиш устида ишлар олиб борилмоқда ва жорий йилда ишга туширилиши кўзда тутилган.
Унинг фаолияти ўзбекистонлик ёш мутахассисларни кореялик мутахассислар томонидан 3D моделлаштириш ва прототиплаш, рақамли ишлаб чиқариш йўналишларида ўқитишга, шунингдек, илғор рақамли инфратузилмани қўллаш орқали ишлаб чиқаришга инновацион ечимларни жорий этишга қаратилган.
Бундан ташқари, Марказ томонидан ёш тадбиркорлар учун бизнесни ташкил этиш бўйича зарур бўлган барча маълумотларни ўз ичига олган, шунингдек, ёшлар тадбиркорлиги экотизимининг барча иштирокчиларини, яъни бизнес-инкубаторлар, коворкинг марказлари, университетлар, тегишли давлат идоралари, банклар, инвесторлар ва бошқаларни бирлаштирувчи интеграциялашган онлайн платформа ишлаб чиқиш ва ишга тушириш кўзда тутилган.
Марказ Ўзбекистонда стартаплар ва барча тадбиркорлар учун хорижий илғор тажрибани ўрганган ҳолда инновацион ғояларни шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни татбиқ этиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиб, яқин келажакда ўзининг юқори натижасини кўрсатади.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА