Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтимизда турк хиёбони ташкил этилиши мумкин
17:43 / 2023-09-13

Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар билан учрашди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги самарали сиёсий ва бизнес-алоқаларнинг қамрови кенглиги таъкидланди. Меҳмонларга Янги Тошкент тумани, эркин иқтисодий зоналарда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бу борада О.Бекар кўмагида турк компаниялари пойтахтимиз ривожига улкан ҳисса қўшиши мумкинлиги қайд этилди.

Элчи жаноблари ўзбек-турк муносабатлари жадал ривожланаётганини, бу, шубҳасиз, давлатларимиз раҳбарлари асос солган стратегик ҳамкорлик маҳсули эканлигини таъкидлади. Тарафлар Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига бериш, пойтахтимизда турк хиёбонини ташкил қилиш каби масалаларини муҳокама этдилар.

Ш.Умурзоқов ушбу масалалар ечимида имкон қадар кўмак беришга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, Олган Бекар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун бор имкониятларини ишга солишини қайд этди.

Шунингдек, пойтахтимизда Тошкент шаҳар Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азизхон Шавкатовнинг “Presight” компаниясининг (БАА) халқаро бизнесни ривожлантириш бўйича вице-президенти Абдул Карим Саван билан учрашуви бўлиб ўтди.    

Учрашувда меҳмонга Тошкент шаҳрида жорий этилган ақлли ечимлар, жумладан, “smart-сitу”  йўналишида қилинаётган ишлар, ҳокимлик ҳузурида ташкил этилган Вазиятлар марказининг имкониятлари ва фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. 

Ўз навбатида, Абдул Карим Саван “Presight” компанияси Г42 йирик холдингининг шўъба компанияси эканлигини маълум қилиб, сунъий идрок ва булутли ҳисоб-китоблар борасида яхлит ва оммалашадиган технологик ечимларни жорий этиш бўйича етакчи компания эканлигини маълум қилди.

Дунё бўйлаб инновацион жараёнларни жадаллаштириш, шаҳарлар киберхавфсизлиги учун мустаҳкам замин яратиш билан шуғулланади. Холдингнинг устувор инвестицион мақсадлари яқин йилларда жаҳон иқтисодиётини, ҳисоблар ва коммуникация технологиялар, ақлли навигация, экологик тоза технологиялар ва тикланувчи энергия манбалари, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва такомиллаштиришдан иборат. Шу жиҳатдан, жаноб Саван тарафларнинг ҳамкорлиги ўзаро манфаатли эканлигига ишонч билдирди.

А.Шавкатов меҳмоннинг таклифларини тинглаб, қўллаб-қувватлади. Мулоқот якунида тарафлар музокараларни давом эттиришга келишиб олди.

Гулноза Бобоева, ЎзА