Мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш, унинг анъанавий ва ноёб турларини қўллаб-қувватлаш ва дунё бўйлаб тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда. 2022 йилда қадим Самарқанд шаҳрида ана шу мақсадга хизмат қилувчи I Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми юқори савияда ўтказилган эди. Ушбу нуфузли тадбир давомида хорижлик ва юртимиз амалий санъат усталари томонидан ясалган бетакрор ҳайкалтарошлик ишлари Самарқанд шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб турибди.
Мазкур симпозиум доирасида ўтказилган тадбирлар, учрашувлар, маҳорат дарсларида халқимизнинг инсоният тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссаси, ўзбек амалий санъатининг ютуқлари тарғиб этилди. Шу билан бирга, симпозиум ҳайкалтарошларнинг ўзаро мулоқоти, тажриба алмашинуви ва янги маҳорат қирраларини кашф этишга замин яратди.
[gallery-13558]
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан аҳолининг экологик билим ва маданиятини юксалтириш, халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, Тошкент шаҳрининг архитектура ва ландшафт қиёфасини яхшилаш мақсадида навбатдаги – II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ўтказилмоқда.
Симпозиумда Тошкент шаҳридаги экологик таълим масканлари, туристик объектлар, яшил жамоат паркларига жойлаштириш учун ўлчами 2 метрдан (постаментсиз) кам бўлмаган ҳайкалтарошлик ишларини яратиш кўзда тутилган.
Жараёнда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси тайинлаган мутахассислар томонидан 30 дан ортиқ эскизлар танлов учун саралаб олинди. Симпозиумда 10 нафар хорижлик, 11 нафар маҳаллий профессионал ҳайкалтарош иштирок этмоқда. Улар бир ой давомида экология ва иқлим ўзгариши, замонавий шаҳарсозликнинг атроф-муҳитга таъсири, Орол фожиаси оқибатларига бағишланган ҳайкалтарошлик ишларини яратади.
ЎзА фотомухбири
Муҳаммад АМИН олган суратлар