French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтимизда Швейцария кунлари бўлиб ўтмоқда
20:13 / 2025-12-01

Тошкентда тўртинчи бор Швейцария кунлари ташкил этилди. Бу йилги тадбир “Сифат. Инновация. Ишонч” шиори остида ўтмоқда.

Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан анъанавий тарзда ҳар йил уюштириладиган мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборат.

2 декабргача давом этадиган ушбу тадбирда йигирма бешдан зиёд ушбу давлат компаниялари иштирок этмоқда. Эътиборли жиҳати, мамлакатимиз Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши муносабати билан бу гал маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар Швейцариянинг замонавий тажрибасидан қандай фойдаланиш мумкинлигига эътибор қаратишяпти.

Масалан, инновация тизимига бағишланган кўргазма доирасида савдо марказига келганлар Европанинг йирик инновация ва спорт технологияси билан танишиш имконига эга бўлди.

[gallery-26495]

Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда барқарор кончилик бўйича ташкил этилган давра суҳбатида илғор технологияга ихтисослашган ўндан ортиқ етакчи компания вакиллари ресурсларни масъулиятли бошқариш, саноатни автоматлаштириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлар ҳақида сўз юритди.

Бизнес-сессияларда эса саноатни модернизация қилиш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини ошириш, урбанизация ва инфратузилма, соғлиқни сақлаш, инновацион молиялаштириш йўналишлари қамраб олинди. Экспертлар Ўзбекистоннинг доимий иқтисодий ривожланиши, хусусан экспортга йўналтирилган саноатни қўллаб-қувватлаш бўйича инновацион ечимлар билан ўртоқлашди.

– Мамлакатимиз 15 йил давомида Глобал инновация индекси бўйича жаҳоннинг энг илғор давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда, – дейди Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулолдда ва мухтор элчиси Константин Оболенский. – Биз мамлакатда олиб брорилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаймиз. Бу жараёндаги энг муҳим иш ЖСТ сари ташланаётган қадамдир. Швейцария Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли тузилмага қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди. Аъзолик республикага жаҳон савдоси билан интеграциялашиш имконини беради. Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозорлар очади. Компанияларимиз мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда. Айниқса туризм алоқалари жадал ривожланмоқда. Ҳар йили диёрингизга келаётган сайёҳларимиз сони мунтазам кўпаймоқда. Улар мамлакатингизнинг тарихий шаҳарлари, бетакрор ёдгорликларига қизиқишади, меҳмондўст ўзбек халқини жуда яхши кўришади. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Швейцария Ўзбекистонга, асосан,  фармацевтика ва юқори аниқликдаги техника ва ускуналар экспорт қилади. Ўзбекистон олтини эса бизнинг юртимизга жўнатиладиган асосий маҳсулот ҳисобланади. Бу қимматбаҳо металл мамлакатимиздаги дунёга машҳур тўрт кон-металл маҳсулотларини қайта ишлаш заводига етказилади. Бу йўналиш ҳамкорлигимизда муҳим ўрин эгаллайди.

Гўзал Саттрова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА