Тошкент шаҳридаги "Пахтакор" ва "Ёшлик" қиличбозлик залида кадетлар ёш тоифасидаги қиличбозлар ўртасида Осиё кубоги мусобақасига старт берилди.
Осиё кубогида мамлакатимиз қиличбозларидан ташқари, Грузия, Беларусь, Қирғизистон, Ироқ, Қозоғистон, Индонезия, Ўмон, Янги Зеландия, Тожикистон ва Макао давлатидан келган 207 нафар спортчи баҳс олиб бормоқда. 13 сентябрь кунига қадар давом этадиган мазкур кубок беллашувлари сабля, рапира ва шпага қуроллари бўйича ўтказилади.
Бугун, 9 сентябрь куни мусобақа дастурига кўра, ўғил болалар рапира бўйича, қизлар эса сабля йўналишида яккалик беллашувларида медаллар учун рақобатлашади.
Мусобақа дастури қуйидагича:
10 сентябрь – қизлар (рапира, шахсий), ўғил болалар (рапира, жамоавий), қизлар (сабля, жамоавий).
11 сентябрь – қизлар (рапира, жамоавий), ўғил болалар (сабля, шахсий), қизлар (шпага, шахсий).
12 сентябрь – ўғил болалар (шпага, шахсий), қизлар (шпага, жамоавий), ўғил болалар (сабля, жамоавий).
13 сентябрь – ўғил болалар (шпага, жамоавий).
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА