Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтимизда “Паррандачилик: инновацион технологиялар” халқаро форуми бўлиб ўтди
11:51 / 2022-03-16

Тошкентдаги Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Венгрия, Туркия, Италия, Россия, Нидерландия, АҚШ, Канада, Бельгия давлатлари хорижий компаниялари иштирокида “Паррандачилик: инновацион технологиялар” мавзусида халқаро форум ташкил этилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад Президентимизнинг 2021 йил 14 июнда “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорида кўрсатилган, яъни ривожланган хорижий давлатлардаги тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда республика паррандачилик соҳасида наслчилик ва омухта ем йўналишида лойиҳаларни амалга ошириш топшириғи ижросини таъминлашдир.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзпаррандасаноат” уюшмаси, Менежерлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда паррандачилик селекцияси, ускуна ва жиҳозлари, ветеринария препаратлари, озуқа-ем бўйича кўргазма ҳамда илмий-амалий тақдимот ўтказилди.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, профессор Шаҳло Турдикулова мазкур анжуманнинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлаш баробарида паррандачиликда илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш учун 14,3 миллиард сўм грант маблағи ажратилгани, айни пайт ушбу йўналишда 25 та лойиҳа амалга оширилаётганини қайд этди.

Форумда хориж компаниялари, паррандачилик ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бошқа корхоналар вакиллари ўртасида В2В форматида учрашувлар ўтказилиб, келишувлар, шартномалар имзоланди, шахсий томорқа хўжаликлари учун мос, ихчам парваришлаш технологиялари ва органик озуқа турлари тўғрисида маърузалар тингланди, мулоқотлар уюштирилди.

Хусусан, венгриялик Томас Топершер “Agrofeed” компаниясининг республикада томорқа паррандачилигини ривожлантиришдаги ўрни” мавзусидаги чиқиши кўпчиликка маъқул келди.

— Паррандачилик саноатига ҳам рақамлаштиришни олиб кириш вақти келди, — дейди Топершер. — Рақамлаш орқали ҳар бир товуқни алоҳида ўрганиш, яъни жониворнинг тана ҳарорати, қанча озуқа истеъмол қилгани, қолаверса, эҳтимолий касалликларни эрта босқичда аниқлаш мумкин. Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳам долзарб, чунки ҳар бир парранда ҳақида маълумот тўплашдан ташқари, қафасни дезинфекция қилиш, тухум йиғиш автоматик режимда бажариш имкони пайдо бўлади.

Хорижий компания вакиллари ускуналар хилма-хиллигига эришиш ҳам жуда муҳимлигига алоҳида урғу бердилар.

— Кўпинча паррандачилик фермаларида 3-4 турдаги ускунадан фойдаланилади, — дейди яна бир хорижий компания вакили. — Ушбу жиҳозларнинг ҳар бири ўз компьютери, дастури, мутахассисига муҳтож. Бинобарин, турли хил анжомларни бирлаштириш зарур.

Халқаро форум доирасида ёш тадбиркор ва ишбилармонлар қизиқарли маърузалар юзасидан ҳамкасблари билан фикр ва тажриба алмашди. Шуниндек, паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича йўналишларни белгилаб олдилар.

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА