Пойтахтимизда мудофаа бўлимининг янги маъмурий биноси иш бошлади
Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари қатнашди.
Мазкур бино 0,20 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унинг таркибига замонавий маъмурий бино, 24 та хизмат хонаси, алоҳида чақирув пункти ҳамда махсус транспортни сақлаш учун гараж биносидан иборат.


Мутахассисларнинг фикрига кўра, яратилган шарт-шароитлар чақирилувчилар, захирадаги ҳарбий хизматчилар ва ёшлар билан ишлаш сифатини сезиларли даражада ошириш, шунингдек, мудофаа ва сафарбарлик тайёргарлиги соҳасидаги фаолиятни янада самаралироқ ташкил этиш имконини беради.



Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши туман миқёсида мудофаа тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА