“Тошкент қувончлари” VIII Халқаро болалар расмлари биенналеси жорий йилнинг 15-20 декабрь кунлари Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида бўлиб ўтади.
Ҳозирги кунга қадар биенналеда 15 га яқин давлат, жумладан, Хитой, Беларусь, Россия, Таиланд, Франция, Япония, Малайзия каби давлат болалари ўзларининг санъат асарлари билан иштирок этмоқда. Ижодий ишлар қабул қилиниши эса давом этмоқда.
Бу йилги танловга қабул қилинган ёш рассомларнинг 2 мингга яқин расмлари кўргазмалар залидан жой олган. Танловга юборилган ишлар 5 ёшдан 7 ёшгача, 8 ёшдан 12 ёшгача, 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган гуруҳларга ажратилган ҳолда ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳолисона баҳоланиб борилади.
Ушбу халқаро танловни ўтказишдан асосий мақсад болаларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини орттириш, улар орасидан янги иқтидорларни излаб топиш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз болаларини дунёдаги тенгдошлари ижоди билан яқиндан таништириш, уларнинг дўстлигини янада мустаҳкамлаш, қолаверса, жаҳон санъати ва маданиятига бўлган эътиборни оширишдир.
– Ушбу танлов ҳар икки йилда ўтказилади, жорий йилда ҳам пандемия бўлишига қарамасдан Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилдик, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур. – Мингдан ортиқ асарларни кузатар эканмиз, дунё болаларининг келажакка бўлган умид ва орзулари, қизиқишларини айнан тасвирий санъат орқали кўрсатиб берганининг гувоҳи бўламиз. Бугунги кунда ҳар бир вилоятда ўз фаолиятини юритаётган санъат мактабларидан ҳам истеъдодли ёшлар қанашмоқда. Бу жуда қувонарли ҳол. Ўқувчиларнинг ёшлигидан санъатга бўлган иштиёқи ва иқтидорини аниқлаш, уни муносиб равишда тақдирлаш, имкониятлар эшигини очишда бундай танловларнинг ўрни беқиёсдир.
Танлов якунида ғолибларга олтин, кумуш ва бронза медаллари, эсдалик совғалари ва сертификатлар топширилиши кўзда тутилган.
М.Қудратуллаева, ЎзА