Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси пойтахтимизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, марказий ва ички кўчаларни таъмирлаш, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш юзасидан қилинаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур уюштирди.
Пресс-тур қатнашчилари белгиланган ҳудудларга боришди. Тошкент бўйлаб саёҳат икки йўналиш бўйича амалга оширилди.
–Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан пойтахт кўчаларига 37 мингдан ортиқ турли хилдаги манзарали дарахтлар экилган, –дейди бошқарманинг етакчи мутахассиси Аловуддин Низомов. –Шаҳримизнинг янада гўзаллашиши учун жорий йилнинг ўзида икки ярим миллиардга яқин мавсумий гуллар экилди. Экилган кўчатларни суғориш учун шаҳримизда сунъий суғориш тизимлари етарли даражада. Майсазорларни суғориш учун қўшимча сув чиқариш ускуналари ўрнатилган. Энди дарахтлар кесилмайди, йўллар таъмири узлуксиз, босқичма-босқич давом эттирилади.
Тошкентда кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва йўлларнинг ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ободонлаштириш жараёнларида кўкаламзор ҳудудларни кенгайтириш қатори ландшафт дизайни, шаҳарсозлигига аҳамият қаратилаётир. Мамлакат раҳбарининг тегишли топшириғига кўра, пойтахтни шарқона шаҳарсозлик анъаналари асосида янада гўзал масканга айлантиришга ҳаракат қилинмоқда.
Пойтахт кўчаларида 220 турдан ортиқ дарахтларни учратасиз. Деярли ҳар бир марказий кўчада эман, каштан, қарағай, қайин, туя, арча, япон софораси, лола дарахти, гуллайдиган буталарни кўриш мумкин.
Ҳа,шаҳримиз тобора кўркамлашиб бормоқда.
Дилобар Маматова, ЎзА