Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтимиз Осиё от спорти федерациясининг Бош ассамблеясига мезбонлик қилди
11:18 / 2024-03-08

Тошкент шаҳрида Осиё от спорти федерациясининг (AEF) Бош ассамблеяси ўтказилди. Унда Ўзбекистон спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев, Осиё от спорти федерацияси раиси шайх Ҳамад ибн Али Ал Аттия ҳамда “AEF”нинг Ижроқўм аъзолари иштирок этди.

Тадбирда Осиё от спорти федерациясининг сўнгги йилларда олиб борган фаолияти таҳлил қилинди ва келгусидаги режалар таништирилди. Шунингдек, Ассамблея давомида “Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинлари ва жорий йилнинг 24 апрель-5 май кунлари Ўзбекистонда ўтадиган “Миллатлар кубоги” ва “Жаҳон кубоги” мусобақаларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. 

Шунингдек, йиғилишда Шаҳрулло Маҳмудов сўзга чиқиб, мамлакатимизда деярли барча спорт турлари бўйича йирик мусобақаларни қабул қилиш имконияти мавжудлиги ва давлатимиз томонидан ҳар бир мусобақани юқори савияда ўтказиш учун барча зарур шароитлар яратиб берилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Бош ассамблея давомида ташкилотнинг минтақавий бўлимларига раҳбарлар сайланди. Қолаверса, 2026 йил Японияда ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш, шунингдек, келгуси Бош ассамблеяни ўтказишга доир масалалар кўриб чиқилди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА