Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2022 йил январь ойидаги суд буйруғига асосан Термиз туманида яшовчи қарздор Жўрабек Мавлоновдан вояга етмаган икки фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Бироқ, алимент тўлашдан бўйин товлаб қочиб юргани учун унга нисбатан МИБ Термиз туман бўлими қидирув эълон қилган.
МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ички ишлар органлари ҳамкорлигида олиб борган тезкор қидирув чоғида қарздор ота Тошкент шахридан топилиб, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносига олиб келинди. МИБ туман бўлими тўпланган ҳужжатларни жиноят ишлари бўйича Термиз туман судига тақдим этгач, суд жараёни масофадан онлайн ташкил этилди.
Очиқ суд мажлисида қарздор отага 16 миллион 496 минг сўм алимент пулини тўлашдан бош торгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Қарор ижросини таъминлаш Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси махсус қабул қилиш муассасаси зиммасига юклатилди.
Улуғбек Ҳайдаров,
МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси
қидирув шўъбаси инспектори
ЎзА