Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтдаги талабалар турар жойларида қандай муаммолар бор?
12:23 / 2023-02-23

Мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, қабул квотаси 3 баробар кўпайтирилди. Натижада талабалар сони ҳам ошиб, айни пайтда бир миллионга яқин ёшлар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётир. ОТМларга қамров кенгайгани баробарида талабаларни турар жой билан таъминлаш долзарб масалалардан бирига айланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласи мутасадди вазирлик, идоралар масъуллари иштирокида муҳокама қилинди.    

— Бугунги кунда талабаларга яратилаётган шароит ва имкониятлардан ҳамма талаба бирдек фойлана оляптими, олий таълим муассасаларида уларга қандай шароитлар яратиляпти, турар жой билан таъминлаш борасида қандай чоралар кўрилмоқда? Бу каби масалаларни ўрганиш мақсадида ЎзХДП фракцияси аъзолари ва партия Марказий кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари Тошкент шаҳридаги 15 та олий таълим муассасалари тасарруфидаги талабалар турар жойларида бўлиб, реал ҳолат билан танишган ҳолда таҳлилий маълумотнома тайёрлади, — деди Мақсуда Ворисова. — Ўрганишлар давомида бу соҳада жуда кўп муаммолар борлиги аниқланди. 

Йиғилишда ўрганишларда аниқланган ҳолатлар танқидий кўриб чиқилди. Ўрганиш якунлари юзасидан фракция аъзоси Фирдавс Шарипов маъруза қилди:  

— Юртимизда талабалар сонининг ортиши уларни турар-жой билан таъминлаш масаласини юзага келтирди. Тегишли чора-тадбирлар натижасида 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойлари 256 тага етказилиб, 91 минг нафар талабани жойлаштириш имконияти яратилди. Бу билан мавжуд эҳтиёжнинг 41 фоизи таъминланди, холос. Ҳозирда қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар-жойига эҳтиёж мавжуд.    

Талабалар турар жойидаги ҳолат олий таълим муассасалари кесимида таҳлил қилинганда Ўзбекистон Миллий университетида талабаларни турар жойларга жойлаштириш тизими тўлиқ рақамлаштирилмагани аниқланди. Ҳатто ахборот технологиялари бўйича етакчи ҳисобланган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳам талабаларни турар жойларга жойлаштириш тизими рақамлаштирилмаган. 

Ўзбекистон давлат консерваториясининг 1-сонли талабалар турар жойида таянч ҳаракатида нуқсони бўлган ҳамда 1-гуруҳ кўзи ожиз талабалар учун махсус хоналар ажратилмаган, умумий овқатланиш хонаси фаолияти йўлга қўйилмаган. Тошкент молия институтининг 1-сонли ётоқхонаси хоналарига меъёридан ортиқ (5-6 нафар) талабалар жойлаштирилган. Санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиниш ҳолати ачинарли ҳолатда.    

Тошкент фармацевтика институтида ижарада турувчи 1000дан ортиқ талабага ижара маблағларининг 50 фоизи тўлаб берилмагани аниқланган. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ётоқхоналарининг шароити яхши эмас, айримлари 10-15 йиллаб таъмирланмаган, мебел ва жиҳозлари эскирган.    

Йиғилишда фракция аъзолари аниқланган камчилик ва муаммолар бўйича мутасаддилардан изоҳ сўрадилар. 

— Талабалар турар жойлари масаласи доимий эътиборимизда, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили Лазиз Мингишев. — 2022 йилнинг ўзида 20 минг 153 ўринли турар жойлар ташкил қилинди. Муаммоларга тўхталадиган бўлсак, талабаларни турар жойларга жойлаштириш тизимини рақамлаштириш мақсадида махсус платформа ишлаб чиқилган. Аммо уни тўлиқ ишга туширишда айрим масалалар бор. Масалан, чекка қишлоқларда Интернет тизимининг яхши ишламаслиги оқибатида ҳақиқий муҳтож талабалар рақамли платформадан ўз вақтида рўйхатдан ўтолмаслиги мумкин. Натижада муҳтож қолиб, шароити яхши бўлган талаба жойлашиши мумкин.    

Қизғин баҳс-мунозара ва тортишувларга бой тарзда ўтган йиғилишда қатор ОТМ вакилларининг ҳам таклифлари, фикрлари эшитилди.  

Депутатлар ҳам мавжуд ҳолатлардан келиб чиқиб таклифлар бердилар. Жумладан, рақамли платформа тўғри ишлаши учун унинг талабларини тўғри қўйиш лозимлиги, ижарадаги талабалар учун 50 фоиз миқдоридаги ижара пулларини ўз вақтида ўтказиб бериш, талабалар турар жойларидаги санитария-гигиена қоидаларига амал қилинишини назоратга олиш, бу борада самарали тажрибаларни татбиқ қилиш борасида таклифлар ўртага ташланди.    

Ушбу масала юзасидан доимий депутатлик ва парламент назорати ўрнатилиши таъкидланди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА