Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтда Туркиянинг “Medipol Global” халқаро соғлиқни сақлаш хизматлари маркази иш бошлади
13:08 / 2023-11-28

Тошкент шаҳрида Туркиянинг “Medipol Global” халқаро соғлиқни сақлаш хизматлари маркази очилди. Ушбу ташкилот Истанбулдаги Медипол университетинг бир бўлаги ҳисобланиб, ўзининг юқори малакали профессорлари ва замонавий даволаш технологиялари билан ҳам машҳур.

Марказнинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда тиббиётни ривожлантиришнинг асосий мақсади тиббий таълим, кадрлар тайёрлаш даражасини ошириш, замонавий тиббиётни мамлакатимизда жорий этиш орқали инсонларга замонавий, малакали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат. Бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ташкил этилаётган янги замонавий тиббиёт марказлари, илғор тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган шифохоналар барпо этилаётир. Бу беморларни ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш имконини беради.

[gallery-14797]

Маълумки, юртимиз ўзаро тажриба алмашиш ва илғор тиббиёт амалиётини жорий этиш учун хорижлик мутахассис ва экспертларни фаол жалб этмоқда. Ушбу марказнинг очилиши ҳам туркиялик ва маҳаллий шифокорларнинг ўзаро тажриба алмашиши, беморлар учун консилиумлар ташкил этиш, илмий ишлар, янги жорий этилаётган даволаш усуллари ва технологияларни юртимизда татбиқ этишга хизмат қилади.  

Айтиш лозимки, Ўзбекистонда тиббиётни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан бири аҳолининг барча қатламлари учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини оширишдан иборат. Давлатимиз эса бу борада аҳоли эҳтиёжини қондирадиган, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий ва самарали соғлиқни сақлаш тизимини яратишга интилмоқда.

Иштирокчилар марказда беморлар учун яратилган шароитлар, даволаш технологиялари, илғор тиббий асбоб-ускуналарни кўздан кечирди. Уларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

 

Камола Юсупова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА