Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтда оилавий судьялар иш олиб бораётганидан хабардормисиз?
17:15 / 2024-03-25

2023 йил 21 декабрдаги «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Бунда 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда «Оила судьялари» ташкил этилди. 

Жумладан, 2023 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан 36 922 та иш (16 226 та фуқаролик иши, 20 696 та суд буйруғи) кўриб тамомланган. Шундан 4 915 таси (13,3 фоизи, 3 844 та фуқаролик иши, 1071 та суд буйруғи) оилавий- ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишларни ташкил этади. 

«Оила судьялари» томонидан кўриб чиқиладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар рўйхати 32 тоифадан иборат. 

Шуни таъкидлаш жоизки, оила судьялари орқали низолашаётган оилалардаги камчиликлар бартараф этилишига ҳаракат қилинади. 

Оила судьялари маҳалла фаоллари ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари билан ҳамкорликда тушунтиришлар бериш орқали ажримларнинг олдини олишга кўмаклашади. 

Оила жамиятнинг бир бўлаги бўлиб, уни сақлаб қолишга барчамиз масъулмиз. Чунки, оиладаги муҳит ва унда катта бўлаётган фарзандлар тарбияси ва камоли нафақат, давлатнинг балки, барчамизнинг вазифамиздир. 

Оила судьялари томонидан никоҳдан ажратиш масаласи кўриб чиқилганидан сўнг, табиийки бошқа оилавий низолар вужудга келади. Хусусан, фарзанд отасиз ёки онасиз қолганда, бу боланинг тарбиясига ҳамда психологик ҳолатига таъсир кўрсатади. Зеро, ҳар бир бола тўлиқ ва маънан соғлом оилада ўсиш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқига эга. 

Дунёда бола ҳуқуқларининг қонунчилик кафолатларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки, инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади ва болалар ҳуқуқларини кафолатлаш орқали ҳар бир давлат ўз келажагини таъминлайди. 

Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилалар қанчалик тинч ва тотув бўлса, шундагина давлат тинч ва барқарор равнақ топиши мумкин. Шу жиҳатдан, оила қўрғонининг мустаҳкамлиги ва унда маънавий жиҳатларнинг шаклланиши ҳамда амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин оила деб аталмиш муқаддас маконда фарзандлар камолга етади, улғаяди. 

Ана шуларни инобатга олган ҳолда Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида никоҳдан ажралиш учун ариза берган оилаларни яраштириш мақсадида медиация хонаси ташкил этилган бўлиб, унда оилавий масалаларга оид ишлар кўриб чиқилмоқда. 

Ўйлаймизки, бошланган бу эзгу ташаббус вақт ўтиб ўзини оқлайди. 

Зулфия Нуралиева, 

Фуқаролик ишлари бўйича 

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси