Вазирлар Маҳкамасининг “Автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсирини камайтириш мақсадида «Экологик транспорт» тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига эътибор қаратилмоқда.
Қарор асосида «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу тизим биринчи босқичда 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида жорий этилиши белгиланган.
Экологик талабларга мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситалари эксплуатациясини босқичма-босқич чеклаш орқали уларнинг атмосфера ҳавосига салбий таъсири камайтирилади.

Шу мақсадда Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли 1-сонли рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими фаолияти билан танишди.
Ишчи гуруҳ томонидан навбатдаги техник кўрикдан ўтказилаётган автомашиналарга "яшил"," сариқ" ва "қизил" стикерлар берилиши жараёни ўрганилди.
Ўрганишда шаҳар ҳудудида ишлаб чиқарилганига 40 йилдан ошган жами 52 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари мавжудлиги аниқланди.
Ушбу транспорт воситаларини тезлаштирилган тартибда техник кўрикдан ўтказиб, тегишли стикерлар билан таъминлаш топшириғи берилди.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА