Маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда балиқчилик тармоғида умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик 1 минг 16 та лойиҳа амалга оширилган ва бунинг натижасида балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошган.
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева маълумотларига кўра, ҳозирда ҳудудлардаги мавжуд бозорларда балиқ сотиш мавсумида жами 282 та савдо нуқталари ташкил этилган бўлиб, ушбу савдо нуқталари орқали аҳолига бир кунда ўртача 110-130 тоннагача балиқ етказиб берилмоқда.
– Бугунги кунда байрам олди савдо ярмаркаларида махсус тирик балиқ ташишга ихтисослашган автотранспорт воситаларида балиқчилик хўжаликлари томонидан сифатли ва арзон тирик балиқ савдолари ташкил этилмоқда, – дейди Зилола Рўзиева. – Бунда ҳар бир ташкилот ва корхоналарга 1 тоннадан 1,5 тоннагача ҳажмда тирик балиқ келтирилиб, сотилмоқда.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан манзилли дастур тасдиқланган бўлиб, ушбу дастурга асосан шаҳар ҳокимлиги томонидан 12 та деҳқон бозорлари ва уларнинг шохобчаларида балиқ савдосига ихтисослашган савдо нуқталари ташкил этиш учун 54 та жой ажратилди. Мазкур жойларда балиқ етиштирувчи ва қайта ишловчи хўжалик юритувчи субъектлари томонидан ўз маблағлари эвазига енгил конструкцияли замонавий кўринишга эга аквариумли савдо нуқталари ташкил этилди.
Ҳозирда қолган жойлар бўйича босқичма-босқич қайта реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорлари ва уларнинг шохобчаларида мавсумда ташкил этилган балиқ савдосига ихтисослашган савдо жойлари орқали аҳолига бир кунда 15 тоннадан 20 тоннагача сифатли ва арзон тирик балиқ етказилиб берилмоқда. “TCT Fish cluster”, “Хикмат балиқ”, “Тўйтепа балиқ кўли” ҳамда “Оганёк” масъулияти чекланган жамиятлари шулар жумласидандир.
Биргина Тошкент шаҳри мисолида кўриш мумкинки, балиқ етиштирувчи ва қайта ишловчи хўжалик юритувчи субъектлари томонидан бозорларда тўғридан-тўғри аҳолига тирик балиқ савдосининг ташкил этилиши орқали балиқ нархларининг ошиб кетмаслигига ва сотилаётган балиқ ҳажмининг ортишига эришилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, балиқ гўшти – енгил ҳазм бўладиган оқсил, микроэлементлар, витаминлар манбаидир. Унинг таркибида фосфор моддаси миқдорининг юқори бўлиши сабабли инсон асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир этади.
Ушбу маҳсулот одамда ишчанликни оширади, чарчоқни йўқотади, кишига тетиклик, бардамлик бахш этади. Айнан фосфор элементи туфайли асаб ҳужайраларида импульслар тарқалишининг меъёрий фаолияти таъминланади. Балиқ тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари турига киради. Шу сабабдан уни янгилигида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Соғлом овқатланиш масаласи кун тартибига чиққан бугунги даврда аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган талаби ортиб бормоқда. Мавжуд талабни қондириш учун юртимизда амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳам оз эмас. Етиштирилаётган балиқларни юқори сифатли озуқа билан таъминлаш мақсадида омухта ем ишлаб чиқарувчи ҳамда балиқни қайта ишловчи корхоналар ҳамда ҳудудларда сунъий кўллар сони кўпайтирилмоқда.
Соҳага янги, инновацион технологиялар жорий этилиши натижасида ўтган йил давомида республикада 400 минг тонна балиқ етиштирилди ҳамда аҳолининг йиллик балиқ истеъмоли кўрсаткичи 8,5 килограмдан 11,5 килограмга етказилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА