Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтда автобуслар сони кўпайтирилди, ҳайдовчилар маоши оширилди
11:29 / 2022-12-16

Давлатимиз раҳбари 13 декабрь куни «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги 18-автобус саройида бўлган пайтлари тизимда автобуслар етишмаётгани, борларининг ҳам кўпи эскирганини айтиб ўтдилар. Янги автобусларни жалб қилиш, ҳайдовчиларнинг маошини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Хўш, ушбу топшириқларни бажариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва «Тошшаҳартрансхизмат» AЖ тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари қандай ишларни амалга оширмоқда?  

ЎзА мухбиринингшу каби саволларига Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бош мутахассиси Аҳрорхўжа Тошхўжаев жавоб берди:  

– 2022 йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган тезкор штаб йиғилишида Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўловчи ташишни ташкил этиш борасидаги ишлар ҳолати танқидий кўриб чиқилди.  

Мавжуд йўналишлар инвентаризацияси ўтказилиб, йўналишлар бўйлаб йўловчилар оқимининг шаклланиши, мавжуд ҳаракатланувчи таркибнинг техник ҳолати ва ҳайдовчиларнинг мавжудлиги ўрганилди.  

Тасдиқланган йўналиш ҳужжатларига мувофиқ автобусларнинг ҳаракатланиш интервалларини қисқартириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида техник носоз ҳолатда бўлган автобусларни яроқли ҳолга келтириш чоралари кўрилди.  

Шунингдек, 14 декабрь куни қўшимча 20 дона "МAН A22" русумли юқори сиғимли автобус, 15 декабрь куни эса яна 100 дона "ИСУЗУ" автобуслари олиб келинди.  

«7-Aвтобус саройи» филиалида бўлган жамоат транспорти йўналишларида "ИСУЗУ" автобуслари валидаторлар билан жиҳозланди.  

15 декабрь куни 190-сонли автобус йўналишидаги "ИСУЗУ" русумли автобуслар ўрнига 10 дона "МAН РР3" русумли сайёҳлик автобуслари қатнови йўлга қўйилди. У аввалги автобуслар эса ҳаракат таркиби кам бўлган йўналишларга вақтинчалик бириктирилди.  

Шаҳар жамоат транспорти йўналишларида сифатли хизмат кўрсатиш ва йўловчи ташишни ташкил этиш учун 15 декабрдан бошлаб 181-сонли йўналишга 8 та, 120-сонли йўналишга 3 та ва Е-1 тезкор йўналишга 5 та "МAН РР3" русумли «Ўзавтотранссервис» МЧЖ автобуслари жалб этилди.  

Aмалга оширилган ишлар натижаларига кўра, 2022 йил 15 декабрь ҳолатига «Тошшаҳартрансхизмат» AЖ томонидан жами 944 та автобус йўналишга чиқарилди.  

16 декабрь кунига 1000 та автобусни йўналишга чиқариш режалаштирилган.  

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, «Тошшаҳартрансхизмат» AЖ автобус ҳайдовчилари жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб камида 5-6 млн сўм миқдорида ойлик маоши олишади.  

Aйни пайтда давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини ўз вақтида сифатли таъминлаш, шаҳар жамоат транспортининг бир маромда ишлашини йўлга қўйиш, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва йўловчилар ҳаракати хавфсизлиги даражасини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.  

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА