Жиззах шаҳрида 13 ёшгача бўлган қиличбозлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда. Мусобақанинг навбатдаги кунида иштирокчилар рапира йўналиши бўйича яккалик ва жамоавий беллашувларда иштирок этди.
Чемпионатнинг ўғил болалар ўртасида ўтган сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида Селимхон Мустафоев ва Муҳаммадқодир Аҳмадов ўзаро тўқнаш келди. Кескин ва муросасиз ўтган ушбу тўқнашувда Селимхон ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, уларга ярим финалда мағлуб бўлган Абдурашид Абдужалилев ва Шоҳрухбек Бисенгалиев бронза медали билан тақдирланди.

Қизлар орасида Раяна Тошимова, Ульяна Кузикова, Зарина Солиҳова, Сарвиноз Қодирова ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Шунингдек, жамоавий мусобақаларда пойтахтимизнинг 1 - ва 2 - жамоалари қизлар орасида олтин ҳамда кумуш медални қўлга киритган бўлса, Фарғонанинг икки жамоаси кучли учликни якунлаб берди.
Ўғил болалар орасида “Тошкент-1” жамоаси биринчи поғонадан жой олган бўлса, фарғоналик рапирачилардан иборат 3 та жамоа қолган ўринларни банд этди.
Бугун, 27 январь куни шпага бўйича ўғил ва қизлар ўртасида яккалик баҳслари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА