Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахт туманларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўз фаолиятини бошлади 
16:30 / 2024-01-05

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 сентябрдаги “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, дастлаб 28 та туман ва шаҳарда эксперимент тариқасида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва ижтимоий ходимлар гуруҳи кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар тизими йўлга қўйилди.

Улар оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатади. 

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини ишлаб чиқади. Аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш беради. 

2023 йил 15 октябрдан бошлаб талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш ёки бекор қилиш, шунингдек, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатига киритиш “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг қарорига асосан амалга оширилиши белгиланган. 

Марказга муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини Агентлик ҳузуридаги уй-жой фондига эга бўлган муассасаларга олти ой муддатгача вақтинча рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилди. 

Шунга кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб бир қатор ижтимоий тўловлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди. Эндиликда ижтимоий тўловлар учун ариза бериш, уларни кўриб чиқиш, тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ барча саволларга туман ёки шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари жавоб беради. 

Пойтахтимизнинг Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой, Яшнобод, Янгиҳаёт туманларида ҳам “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўз фаолиятини бошлади. 

Ёшга оид нафақа, боқувчисини йўқотганлик нафақаси, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилига нафақа, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа (1 ва 2-гуруҳ, 18 ёшдан катта), 1 ва 2-гуруҳ ногиронлари учун нафақа, кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (“Суюнчи пули”), дафн қилиш учун нафақа (“Дафн пули”) билан боғлиқ масалаларга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари жавоб беради. 

Гулноза Бобоева, ЎзА