Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахт намунаси: жамоат хавфсизлигини таъминлашда мутлақо янги ёндашув
15:41 / 2026-01-28

Муносабат

Бугунги глобал таҳдидлар, жадал урбанизация, рақамлашув ва ижтимоий муносабатлар мураккаблашаётган бир шароитда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, пойтахт Тошкентда хавфсиз муҳитни шакллантириш нафақат шаҳар аҳолиси, балки бутун республика учун намуна бўлиши лозим.

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар соҳада мутлақо янги босқич бошланаётганидан далолат беради.

Ҳақиқатдан сўнгги йилларда Тошкент шаҳри республикамизнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатида сезиларли даражада ривожланди. Инвестиция оқими ошди, хизматлар соҳаси кенгайди, аҳоли даромадлари ўсди. Бироқ ҳаёт яхшиланган сари жиноий муҳит ҳам шакл ўзгартириб, янги хавф-хатарларни келтириб чиқараётгани очиқ ҳақиқат.

Президентимиз таъкидлаганидек, “енгил пул топиш” илинжида бўлган жиноий тузилмалар, айниқса, иқтисодий фаоллик юқори бўлган ҳудудларда тез фаоллашади. Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот тизими пойтахтдаги бу ўзгаришларга тўлиқ мослаша олмагани, эски қолиплардан чиқиб кетолмаётгани танқид остига олинди. Сабаби, таҳлилларга кўра, Чилонзор тумани оилавий зўравонлик, талончилик ва безориликда, Юнусобод тумани босқинчиликда, Яшнобод ва Миробод туманлари эса қотиллик ҳолатларида республикада етакчи ўринларда қайд этилган.

Бу ҳолат жамоат хавфсизлиги масаласида қатъий ва тизимли чоралар зарурлигини кўрсатади. Шу боис, Президент томонидан “пойтахт намунаси” сифатида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилиши белгилаб берилди. Бу тизим илк бор Чилонзор тумани мисолида амалиётга жорий этилади.

Ушбу моделнинг моҳияти барча куч ва воситаларни ягона бошқарувга бирлаштириш, тезкорлик ва жавобгарликни оширишдир. Хусусан, патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматларининг 3 сменали, тун-кунлик иш режимига ўтиши, мурожаатларга 5 дақиқа ичида жавоб қайтариш тизими жорий этилиши бу фуқаролар ишончини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир.

Қолаверса, замонавий жиноятчилик шакллари рақамли технологиялар билан чамбарчас боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ички ишлар вазирлигида кибержиноятчилик бўйича алоҳида департамент ташкил этиш, Адлия вазирлигида рақамли ҳуқуқ ва кибержиноятчиликка ихтисослашган тузилма очиш каби ташаббуслар билдирилди.

Шунингдек, аҳоли гавжум жойларда дронлар орқали патруллик кузатуви, ҳар бир профилактика инспекторини рақамли алоқа воситалари билан таъминлаш, “102” тизимини реал вақтда ишлайдиган сервисга айлантириш буларнинг барчаси хавфсиз муҳитни яратишда замонавий ёндашув намуналари саналади.

Йиғилишда коррупция, уюшган жиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши кураш масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Сабаби, қисқа муддатда 53 триллион сўм молиявий камчиликлар, 4,2 триллион сўм коррупциявий зарар аниқлангани давлат бошқарувида тизимли муаммолар борлигини кўрсатади.

Шу боис, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизимларининг жорий этилиши, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини “ҳуқуқий аудит”дан ўтказиш амалиёти қонунчиликни такомиллаштириш учун мустаҳкам асос яратади.

Қонунчилик палатаси депутати сифатида айтишим мумкинки, ушбу ислоҳотларнинг муваффақияти бевосита қонунчилик базасининг замон талабларига мослигига ҳам боғлиқ. “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик ва рақамли хавф-хатарларга оид нормаларни аниқ белгилаш парламент олдида турган долзарб вазифалардир.

Умуман олганда, хавфсиз муҳит бу – фақат ички ишлар органлари масъулияти эмас, балки бутун давлат бошқаруви, маҳалла, фуқаролик жамияти ва ҳар бир фуқаронинг умумий ишидир. Президентимиз томонидан белгиланган “пойтахт намунаси” нафақат Тошкент шаҳри, балки бутун мамлакат учун замонавий, самарали ва халқчил хавфсизлик тизимини яратишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Бу йўлда биз, парламент аъзолари ўз зиммамизга тушадиган масъулиятни тўлиқ англаган ҳолда, ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этишга бор куч ва шижоатимизни сафарбар этамиз.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА