Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахт мақомини белгилашга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда
12:02 / 2026-03-05

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва муносиб яшаш шароитларини яратиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш вақти келгани таъкидланган эди.  

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам Олий Мажлис палаталари олдига ушбу вазифа қўйилган.

Шу мақсадда тузилган Ишчи гуруҳ томонидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди.

Қайд этилганидек, ушбу лойиҳани ишлаб чиқишда миллий амалиёт ва илғор хорижий давлатларнинг пойтахт мақомини белгилашга қаратилган тажрибаси ўрганилди.  

Жумладан, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатлардаги мавжуд замонавий ёндашувлар таҳлил қилинди ҳамда бир қатор нормаларни ишлаб чиқишда инобатга олинди.

Шунингдек, лойиҳани такомиллаштириш жараёнида пойтахт ҳокимлигининг вакиллари, экспертлар ва олимлар билан бевосита ҳамкорликда иш олиб борилди ва улар томонидан билдирилган таклифлар лойиҳада ўз аксини топди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг ҳуқуқий мақомини белгилаш билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар кўзда тутилмоқда. Аввало, пойтахтнинг алоҳида аҳамиятга эга маъмурий-ҳудудий бирлик сифатидаги мақоми қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, пойтахт билан туташ ҳудудни ташкил этувчи пойтахт чегарасидан ташқаридаги ерлар билан боғлиқ масалаларнинг ҳам ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.  

Пойтахт ўзининг ҳудудий рамзий белгиларига эга бўлиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, пойтахтнинг вазифалари, уларни амалга оширишнинг кафолатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимининг пойтахт вазифаларини амалга оширишдаги ваколатлари қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда.

Лойиҳада пойтахтнинг ягона меъморий кўринишини шакллантириш мақсадида пойтахт ҳудудидаги қурилиш ишлари пойтахтнинг ягона меъморий кўриниши ва дизайн-кодига қўйилган талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозимлиги белгиланмоқда.

Шу билан бир қаторда жамоатчиликнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини ошириш мақсадида муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши кераклиги мустаҳкамланмоқда.  

Бундан ташқари, пойтахтда транспорт тизимини самарали бошқаришни амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилиши ва унинг вазифаларини қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда.

М.Комилова, ЎзА