Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахт инфратузилмаси ривожлантирилмоқда: Қўйлиқдан Сергелигача 15 дақиқада бориш мумкин
11:04 / 2023-02-16

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда уй-жой қурилиши қарийб икки баравар, аҳоли жон бошига уй-жой билан таъминланиш даражаси 16 фоизга ошди. Буни биргина пойтахтимизнинг Сергели тумани мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 6 йил ичида бу ерда минглаб инсонлар бошпанали бўлди. Бу эса, табиийки жамоат транспортига эҳтиёжни оширмоқда.

Маълумки, қулай жамоат транспорти шаҳарнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бироқ, пойтахтимизда бу долзарб муаммога айланиб бораётган эди. Автобусларнинг кўпи эскиргани, марказий шоҳбекатлар ёпилиб, йўналишлар ўзаро самарали боғланмагани оқибатида аҳолига ноқулайлик туғдираётган эди. Натижада, тирбандликлар оқибатида автобуслар орасидаги интервал тиғиз пайтда 30-40 дақиқагача етаётганди.  

Шу боисдан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонда илк ер усти метроси қурилиши бошланди. 2020 йилнинг августида Тошкент ер усти метросининг биринчи босқичи ишга туширилди.  

Пойтахтимиздаги “Дўстлик-2” ва “Қўйлиқ” ер усти бекатларини боғловчи узунлиги 11,5 километрли 7 станциядан иборат линиянинг биринчи қисми 2020 йил август ойида ишга тушди. Биринчи бекатдан охиргисигача 19 дақиқада етиб олиш мумкин. Бу йўналиш кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Шу йилнинг декабрь ойида узунлиги 6,3 километр бўлган Чилонзор йўлининг Сергели тармоғи очилди. Шу тариқа пойтахтимизда қурилиб, фойдаланишга топширилган ер усти метроси йўловчилар узоғини яқин, мушкулини осон қилаётган қулай ва асосий транспорт турига айланиб боряпти. Бугун йўловчилар оқими кўплиги эса бу ишлар ўзини тўла оқлаётганидан далолат.  

Жорий йилнинг 8 февраль куни давлатимиз раҳбари Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитеннинг янги линияси билан танишди. Лойиҳага кўра, Қўйлиқдан Сергелига қадар янги ер усти метро линиясини барпо этиб, уни Сергели йўналиши билан боғлаш кўзда тутилган. Дастлаб Қўйлиқдан Сергелининг Қурувчилар массивигача 5 та янги станциядан иборат, узунлиги 8,5 километр бўлган йўналиш барпо этилиши белгиланган. Ушбу йўналишдаги яна 2 та станциянинг қурилиши ниҳоясига етгач, иккинчи босқичнинг умумий узунлиги қарийб 12 километрга етади.  

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти қурувчилари ушбу йирик лойиҳани ҳар томонлама пухта ўйланган режа асосида сифатли ва мустаҳкам, энг муҳими, халқаро талабларга мувофиқ барпо этишга катта аҳамият қаратмоқда. Қурилиш ишларига юздан ортиқ замонавий техника, машина ва механизм ҳамда мингдан ортиқ малакали муҳандис ва ишчи-ходим жалб қилинган. Ер усти метроси қурилиш жараёнида бажарилаётган ишлар сифати Давлат архитектура-қурилиш назорати ва “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциялари томонидан мунтазам назорат қилинмоқда.  

Мазкур қулайликлар, ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида аҳоли фикри билан қизиқдик.  

– Сергели туманида 1997 йилдан буён яшайман. Илгари бу ерлар қамишзор, ташландиқ жой бўлган, – дейди Дилдора Мансурова. – Бу ерга такси унча-мунча келмасди. Қўйлиққа бориш жуда қийин эди. Сабаби, йўллар тор, автомобиллар кўп бўлгани учун йўлларда тирбандликлар юзага келар эди. Ҳозир кенг йўллар, ер усти метролари барпо этилиб тирбандликларга барҳам берилмоқда.  

– Сергелига кўчиб келганимга 10 йил бўлди, – дейди Даврон Маҳмудов. – Бу ерга кўчиб келганимдан кейин иккиланиб қолдим. Сабаби, бу ерда саноқли кўп қаватли уйлар бўлиб, сув, иситиш тизимида носозликлар юзага келарди. Шаҳар марказига бориш бир муаммо.  

Кўринадики, Тошкент маркази билан боғловчи атиги 5-6 километр йўлга бир соатлаб вақт сарфлашга тўғри келган. Айниқса, тиғиз пайтларда бирор юмуш билан ўша томонларга йўли тушган одам ярим кунини кўчада ўтказган. Жамоат транспорти чатоқ, шахсий автомобилларда юриш азоб эди.  

Бугунчи?!  

“Тошкент метрополитени” ДУКнинг маълум қилишича, Қурувчилар даҳасидан “Қипчоқ” бекатигача бўлган қарийб 4 километрли метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Ер усти метро йўналишининг 2-босқичидаги қурилиш ишлари якунланиб фойдаланишга топширилгач, улар орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ — Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 32 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камаяди.  

Маълум қилинишича, қўшимча жамоат транспорти йўналишларини очиш ва уларни йўловчи кам метро бекатларига боғлаш, поездлар вагонини 5 тага кўпайтириш ва қатнов оралиғини қисқартириш чоралари кўрилмоқда. Бунинг самарасида метро ҳаракати таннархи, аҳолининг жамоат транспортига харажати ва кутиш вақти сезиларли қисқаради. Шаҳарга кириб келувчи енгил автомобиллар сони 97 мингтагача, магистрал кўчаларда тирбандлик 10 фоизгача камайишига эришилади.  

Таққослайдиган бўлсак, илгари метрополитендан 250 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда йўловчилар сони 600 мингдан ошди. Режага мувофиқ, 1 миллион йўловчи бўлади. Эндиликда Қўйлиқдан Сергелига етиб бориш учун атиги 15 дақиқа кифоя бўлади. Бунинг бари, Тошкент метро лойиҳасининг иккинчи босқичи тақдим этадиган қулайликдир.  

–Туманимизда нафақат уй-жойлар барпо этилди, боғча, мактаб, шифохоналар, кичик саноат зоналари, ер усти метроси ҳам қурилди, – дейди Алишер Алимардонов. – Фарзандларимиз олийгоҳларда ўқияпти. Улар метрода ўқишга бемалол қатнаяпти. Бундан халқимиз хурсанд.  

Шуни ҳам айтиш жоиз, жорий йилнинг январь ойи бошида кузатилган аномал совуқ метрополитенга бўлган талабни янада оширди. Натижада, тирбандликлар юзага келди. Бундай ҳолатга тезкор чоралар кўрилди. Айни вақтда одамлар гавжум бўлган тиғиз пайтларда поезд ҳаракати оралиғи 1-1,5 дақиқани ташкил этмоқда.  

Президентимиз ташриф давомида нафақат метрополитен, балки пойтахтнинг бошқа жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди. Унга кўра, яқин кунларда пойтахтимизга 1000та янги автобус олиб келинади.  

– Тошкент шаҳрига ҳеч қачон 1000та автобус олиб келинмаган, –дейди ҳайдовчи Акромжон Собиров. – 2003 йилда 300та автобус олиб келинган. Ўшанда ҳам босқичма-босқич олиб келинган. Ҳозир 1000та автобус биттада олиб келинмоқда. Автобус учун алоҳида йўлаклар ажратилиши қатновларни оширади. Бу автобуслар оралиқ интервали 5-7 минут бўлади.  

Бир сўз билан айтганда, бугун бунёдкорлик ишлари, ўзгаришлар амалга оширилаётганидан, қулай ва тезкор метро хизматидан фойдаланиш имконияти ортаётганидан аҳоли мамнун.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА