Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши билан биргаликда сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни умумий ўрта таълимга оид қисмининг Тошкент шаҳридаги ижроси муҳокама қилинди.
Қайд этиш лозимки, халқ таълими тизимида энг асосий масалалардан бири – мактабларда ўқувчи сонининг кескин ошиб кетиши натижасида ўринлар етишмаслигидир. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016-2017 йилларда республика бўйича 9 минг 680 та мактабда 4 миллион 808 мингдан зиёд ўқувчи таълим олган бўлса, 2020-2021 ўқув йилида бу кўрсаткич 10 минг 8 та мактабда 6 миллион 236 мингдан ортиқни ташкил этган. Яъни, мактаблар сони 3,3 фоизга ошган бўлса, ўқувчилар қарийб 30 фоизга кўпайган. Бу эса баъзи мактабларда ортиқча юкламаларнинг пайдо бўлишига замин яратмоқда. Халқ таълими вазирлиги масъул ходими Эркин Муродов буни кейинги йилларда 11 йиллик таълим тизимига ўтганимиз билан изоҳлади.

Яна бир муҳим жиҳат. Республика бўйича мактабларда 501 минг 44 нафар ўқитувчидан 3,5 фоизи, яъни 17 минг 489 нафари олий тоифали педагог холос. 63 минг 626 нафари биринчи, 137 минг 917 нафари иккинчи тоифали, катта қисми эса мутахассис. Бу эса таълим сифатига сезиларли таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.
2016-2020 йилларда мактабларда қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари сезиларли даражада ошган. Мисол учун, 2016 йилда 371 мактабга ушбу ишларга 379,2 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2020 йилда 505 мактабда 1,7 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.
Тошкент шаҳрида 2020-2021 ўқув йилида 316 та мактабда 450,7 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 23 минг 530 нафар ўқитувчи таълим бермоқда. Сўнгги икки йилда шаҳардаги олий тоифали ўқитувчилар сони 3,5 фоиздан 5,2 фоизга, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 12,6 фоиздан 17,3 фоизга ошишига эришилган.
Қайд этилганидек, умумтаълим мактабларида давомат, баҳолаш ва кундалик юритишнинг автоматлаштирилган “kundalik.com” тизими жорий этилиб, 24 минг 600 нафар ўқитувчи ва 400 мингдан ортиқ ўқувчининг уй вазифалари бажарилиши юзасидан онлайн мониторинг тизими йўлга қўйилган. Шаҳардаги мактабларда таълим шароитларини яхшилаш учун 2020 йилда давлат бюджетидан 405 миллиард сўм маблағ ажратилиб, жами 67 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Кутубхоналар учун адабиётлар, махсус фан кабинетлари учун тикув машиналари, мусиқа асбоблари ва компьютер техникалари харид қилинган.
Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан бу борада ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Жумладан, мактабларда давлат таълим стандартлари асосида таълим берилиши ҳолати туман халқ таълими бўлимлари томонидан ўрганилганда, аксарият мактабларда фанлар бўйича таълим сифати 45-60 фоиз экани аниқланган.
Мактабларни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш натижадорлиги талаб даражасида эмас. Мавжуд 23 минг 530 нафар ўқитувчидан 58 фоизи малака тоифасига эга эмас. Шаҳардаги 53 та мактабда бирорта ҳам олий тоифали ўқитувчи йўқ. Олий таълим муассасаларининг аксарияти Тошкент шаҳрида жойлашганига қарамай, мактабларда ҳамон ўқитувчиларда бўлган эҳтиёж юқори. Эҳтиёжнинг асосий қисмини бошланғич таълим, математика, информатика, физика фани ўқитувчилари ташкил этади.
2020 йилда 100 балли рейтинг тизими асосида аттестация қилинганда 2 минг 901 нафар педагогдан 41 фоизи қониқарсиз баҳо олган. Шунингдек, туман фан методистларининг фаолиятини кучайтириш зарурлиги, ўқувчиларнинг фанларни билиш даражасининг пастлиги, мактабларда ўқувчилар сони кўплиги сабабли дарс жараёнлари 2,5-3 навбатда ташкил этилганлиги таъкидланди.
Тадбирда шунингдек, баъзи мактабларда спорт иншоотлари, майдонлари йўқлиги, борлари ҳам таъмирталаб аҳволга келгани, спорт инвентарлари ва жиҳозлари етарли эмаслиги ҳам айтиб ўтилди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА