Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахт бирламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши кузатилди
18:01 / 2026-02-12

2026 йилнинг январь ойи учун Ўзбекистон кўчмас мулк бозори динамикаси бўйича таҳлил тақдим этилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ушбу таҳлилида қайд этилишича, январь ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 28,6 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан битимлар сони қарийб 12 фоизга ошди.

Йил бошидан буён кўчмас мулк савдолари динамикаси республика ҳудудларида ижобий тенденцияларни намоён этмоқда. Республика кўчмас мулк бозорининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳрига тўғри келиб, савдолар ҳажми 33,4 фоизга ошди. Бу эса республиканинг барча ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.

Шунингдек, Самарқанд (26 фоиз) ва Сирдарё (24 фоиз) вилоятларида ҳам битимлар сонининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв. метр учун ўртача нарх бир ойда 0,9 фоизга ошди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса нархлар ўсиши 8 фоизни ташкил этди.

Энг юқори нарх ўсиши Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида қайд этилди. Бу ҳудудларда уй-жой нархларининг ўртача ўсиши қарийб 24 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам нархлар 16 фоизга ошди.

Январь ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв. метр учун ўртача нархи қарийб 1120 долларни ташкил этди ва ойлик ҳисобда 0,6 фоизга ошди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса нархлар қарийб 2 фоизга ўсди.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Яккасарой (5,7 фоиз) ва Миробод (4,3 фоиз) туманларида қайд этилди.

Шу билан бирга, пойтахтнинг бирламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши нисбатан юқори бўлди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан янги қурилган уй-жойларда 1 кв. метр учун ўртача нарх 9 фоиздан кўпроққа ошди.

Январь ойида пойтахтда уй-жой ижарасининг ўртача қиймати 1 кв. метр учун қарийб 8,8 долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга юқори.

Ижара нархларининг энг юқори кўрсаткичи пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида сақланмоқда. Бу туманларда ижара нархи 1 кв. метр учун ўртача 11 доллар атрофида.

Айни пайтда ижара нархларининг ўсиш суръатлари жадаллашуви Олмазор, Юнусобод, Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида кўпроқ кузатилиб, ушбу ҳудудларда йиллик ўртача ўсиш қарийб 13 фоизни ташкил этди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА