English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтимизда бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди
18:20 / 2014-09-11

Ўтказилган меҳнат ярмаркасига корхона ва муассасалар вакиллари, олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини жорий ўқув йилида битирувчи ёшлар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар таклиф этилди.


Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган меҳнат ярмаркасига корхона ва муассасалар вакиллари, олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини жорий ўқув йилида битирувчи ёшлар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларни лаёқати ва мутахассислигига мос иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат жамоаларига мослашувига кўмаклашиш, аҳоли ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. 

Ярмаркада пойтахтимиздаги икки юзга яқин корхона ва ташкилот олти мингдан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этмоқда. Шу билан бирга, меҳнат бозорига қизиқувчиларга икки мингга яқин иш ўрнининг электрон рўйхати тақдим этилаётир. Аҳоли туманлардаги барча бандликка кўмаклашувчи марказларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.

Давлат ва нодавлат ташкилотлар, тижорат банклари томонидан ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти, турли танлов ва викториналар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Фармацевтика йўналиши бўйича ўқишни тамомлаганман, – дейди Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Насиба Алиева. – Ушбу ярмаркада ўз мутахассислигим бўйича «Galenika» корхонасидан ишга йўлланма олганимдан мамнунман.