Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пойтахтимиз электр таъминоти тизими такомиллашмоқда
20:20 / 2015-05-06

Тошкент шаҳар ҳокимлигида замонавий технологияларни жорий этиш орқали пойтахтимиз электр энергияси таъминоти тизимини янада ривожлантириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида замонавий технологияларни жорий этиш орқали пойтахтимиз электр энергияси таъминоти тизимини янада ривожлантириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” очиқ акциядорлик жамияти ва шаҳар ҳокимлиги мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тошкент шаҳар иқтисодиётининг жадал ривожланаётгани, аҳоли фаровонлиги юксалиб, саноат корхона ва компаниялари сони кўпайиб бораётгани фойдаланилаётган электр энергияси ҳажмининг ортишига таъсир кўрсатмоқда. Электр таъминоти тармоқларининг ишлаш қувватини таъминлаш ва уларни модернизация қилиш, пойтахтимиз аҳолиси ва корхоналарга узлуксиз ҳамда сифатли электр энергия таъминоти хизматларини кўрсатиш мақсадида 2009 йил 22 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

“Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” очиқ акциядорлик жамияти бош муҳандиси Д.Сайдуллаевнинг сўзларига кўра, айни пайтда пойтахтимизда 595 мингдан ортиқ жисмоний ва 18 мингдан зиёд юридик шахс электр таъминоти хизматидан фойдаланмоқда. Шу боис марказлаштирилган электр таъминоти тармоқларини модернизация қилиш, эскирган кабель ва симларни алмаштириш, капитал таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда эскирган ва ишдан чиққан симлар электр энергияси узатиш линияларининг ҳар қандай об-ҳаво шароитида барқарор ишлашини таъминлайдиган замонавий изоляцияланган симлар билан алмаштирилмоқда. Тез орада 30 километрдан ортиқ масофага шундай симлар тортилиши режалаштирилаётир.

Марказлаштирилган электр тармоқларининг “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” очиқ акциядорлик жамияти томонидан модернизация қилиниши самарасида жорий йилда электр энергиясини авария ҳолатида ўчиришлар сезиларли камайди. Жорий йил охирига қадар 280 километр электр тармоқлари капитал таъмирланади.

Матбуот анжуманида фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга оладиган замонавий приборларни жорий этиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Айни пайтда пойтахтимизда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш давом эттирилмоқда. Масалан, Бектемир тумани аҳолиси ушбу тизимга тўлиқ уланди. Бунинг самарасида электр энергияси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Яқин орада Миробод, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманлари истеъмолчилари ҳам ушбу тизимга уланади.

Тадбирда соҳа мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.