Кўпчилик бозорларда арава тортиб юрган кишилар кўмагидан фойдаланади. Улар туфайли оғиримиз енгил, узоғимиз яқин. Бироқ, тан олиш керак, уларнинг кундалик иш тарзи, яшаш шароити, тирикчилиги ҳақида кўп ҳам қизиқавермаймиз.
Афсуски, аравакашларга қўпол муносабатда бўладиган, меҳнатидан фойдалангач, шунга яраша ҳақ беришдан бош тортадиганлар ҳам йўқ эмас. Пойтахтимиздаги “Қўйлиқ” деҳқон бозорида бўлиб, у ерда арава судраб, одамлар оғирини енгил қилаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашдик.
Аравакашларнинг бир кунлик патта тўловлари қанча? Ушбу маблағ қайси қоидага асосланиб йиғиб олинади?Тиббий хизмат кафолатланганми? Уларни қийнаётган муаммолар нимада? Одамларнинг бу соҳа вакилларига муносабати қандай? каби саволларга мулоқотлар жараёнида жавоб олинди.
– Аравакашлик касб ҳам, ҳунар ҳам эмас, вақтинчалик иш бу, –дейди андижонлик Элдорбек Усмонов. – Бу ишни ўрганиш учун бозор деган “мактабда” қисқа муддат ўқишнинг ўзи кифоя. Ҳаётнинг ўзи тажрибангизни ошириб қўяди. Кимдир рўзғор тебратиш, кимдир шунчаки яшаш учун бу иш билан шуғулланади. Орамизда “Бугун куним ўтса бас, эртага бир гап бўлар”, дейдиганлар ҳам бор. Аммо шу иш ортидан бола-чақасини боқиб, иморат тиклаётган шерикларимиз ҳам йўқ эмас.
“Қўйлиқ” деҳқон бозори ҳудудида арава судраб юрган йигитлар билан суҳбат асносида улар бир кун давомида арава хизматидан фойдалангани учун 25 минг сўм миқдорида патта тўлашини билдик. Ушбу маблағ қайси қоидага асосланиб йиғиб олинади, деган савол билан мутахассисга юзландик.
– Пуллик арава хизматлари Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинади, –дейди “Қўйлиқ” деҳқон бозори хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Маҳмуд Ҳусанов. –Бозоримизда 144та арава харидорларга хизмат кўрсатади. Аравакашларни махсус кийим, яъни нимча билан таъминлаш, араваларни вақтида таъмирлаш ва хос ҳолатда рақамлаш ташкил қилинган. Муаммоларимиз ҳам йўқ эмас, илгари бозорда тиббий хизмат ташкил этилган эди. Ўтган йили карантин муносабати билан тиббий хизматлар қисқартирилди. Насиб бўлса, биз яна шу хизмат турини тиклаш ҳаракатидамиз.
Маҳмуд аканинг сўзларидан сўнг биз яна бозор ҳудудида мижоз кутиб ўтирган аравакашларнинг бир нечтаси билан суҳбатлашдик.
– Бизнинг ҳар бир дақиқамиз ғанимат, –дейди Ўрол Нурмаматов. – Сабаби, меҳнатимиз орқали мижознинг оғирини қанча тез енгил қилсак, шунча уларда бизга нисбатан ишонч ортади ва маблағимиз ҳам кўпаяди. Афсуски, “Қўйлиқ” бозори ҳудуди атрофидаги тирбандлик эркин ишлашимизда муаммо келтириб чиқаради. Масалан, мижознинг деҳқон бозоридаги юкларини йўлнинг нариги бетидаги кийим-кечак бозорига олиб ўтишимиз керак бўлган пайтда қийналамиз. Кўпинча аравани бир четда қолдириб, юкларни қўлда ташишга тўғри келади. Яна бир муаммони ҳам айтиб ўтсам, бу ерда асосан вилоятлардан келган эркаклар меҳнат қилишади. Атрофдаги ижара уйларнинг нархи қиммат. Топган маблағини тежаш мақсадида яшашга мутлақо шароити бўлмаган уйларда 10-15 киши бирга истиқомат қилаётганлар ҳам бор. Бундай ишчиларнинг соғлиғида муаммо чиқиши табиий. Бозор ҳудудига яқин жойларда биз каби ишчиларнинг чўнтаги кўтарадиган арзон ижара уйлар, арзон меҳмонхоналар қурилса, жуда яхши бўларди.
Шунингдек, йигитлар орасида дам олиш кунлари бозорга чиқиб, арава тортиб, бир ҳафталик маблағини ишлаб топаётган талабалар ёки фарзандларини шартнома асосида олий ўқув юртларида ўқитаётган ҳамюртларимизни ҳам учратдик. Уларнинг мижозлар ҳақидаги турли фикрларига ҳам қулоқ тутдик.
– Олти йилдан буён шу ерда аравакашлик қиламан, –дейди водийлик Сардорбек Маҳмудов. – Ҳар хил мижозлар бор, баъзида туҳмат қиладиган, икки-уч соат бозорни айлантириб юриб, арзимаган пул берадиган одамлар ҳам бор. Шундай дамларда ёшликда мактабда пухта билим олиб ўқимаганим, вақтимни беҳуда ишларга сарфлаганимга афсусланаман. Тўғри, бу касб ортидан пешона терим эвазига пул топаяпман. Аммо, баъзида танлаган ишимдан уяламан.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ишчилар эрталаб соат 6.00 дан иш бошлашади. Уларга харидорлар билан хушмуомалада бўлиб, ўзини яхши тутиши тушунтириб борилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилса, ички ишлар ходимлари билан биргаликда бартараф этиш чоралари кўрилади.
Бозорда аравакашлар хизматидан фойдаланаётган юртдошларимизнинг ҳам фикрларини тингладик.
– Ўн беш йил давомида ушбу бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланиб, арава хизматидан фойдаланиб келаман, –дейди Тошкент вилоятида яшовчи Юлдуз Йўлдошева. –Бу йигитлар меҳнатидан ҳамиша рози бўлиб келаман. Бозорда йилдан-йилга сотувчилар учун қулай шароитлар яратиляпти. Арава хизматчилари учун ҳам имкониятлар яратилса, уларга янги, судраб юришга қулай аравалар берилса, устларига кийиб юрган хизмат нимчаларига исмлари ёзиб қўйилса, яхши бўларди.
Биз суҳбатда бўлган йигитлар турли вилоятлардан келган. Улар орасида эгни юпунларини ҳам, мижозлар билан чиройли муомала қилаётган, озода кийиниб, ҳушёр, руҳи тетик ҳолда ишлаётган ишчиларни ҳам учратдик. Демак, бугун ва эртага қандай яшаш инсоннинг ўзига боғлиқ. Боболаримиз айтганидек, касб-ҳунарнинг яхши-ёмони бўлмайди. Муҳими, унинг ортидан келадиган даромад ҳалол бўлсин!
Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев(сурат),
ЎзА